Нега имтиҳонда назоратчилар абитуриентга ёрдам берди? — Агентлик изоҳ берди

Нега  имтиҳонда назоратчилар абитуриентга ёрдам берди? — Агентлик изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда кириш имтиҳонларининг бирида гуруҳ назоратчилари бир абитуриентга ёрдамлашаётни акс этган видео ва расмлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги расмий изоҳ берди.

 

Маълум қилинишича, 2025 йил 15 июль куни 2-сменада Сирдарё вилоятида жойлашган Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг биносида бўлиб ўтган тест синовида Музаффархон И.Қ. 9-гуруҳда тест синовларини топширган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан интеграция орқали реал вақт режимида олинган маълумотга асосан мазкур абитуриент ногиронлиги бўлган шахс тоифасига киритилганлиги аниқланган.

 

Тест жараёнида абитуриентнинг ўнг қўлида муаммо (қалтираш) мавжуд бўлгани сабабли, жавоблар варақасини мустақил равишда белгилашда қийинчилик юзага келган. Шунинг учун гуруҳ назоратчиси томонидан абитуриентга доирачаларни бўяшда амалий ёрдам кўрсатилган.

 

Ушбу ёрдам тест синови ўтказилаётган гуруҳдаги барча абитуриентларнинг розилиги асосида, Билимни баҳолаш агентлиги вакиллари ва назоратчилар иштирокида, шаффофлик ва холислик тамойилларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилган.