Хўжайли туманидаги барча давлат боғчалари иссиқ туфайли вақтинча ёпилди

Хўжайли туманидаги  барча давлат боғчалари иссиқ туфайли вақтинча ёпилди

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли тумани ҳокимининг қарори билан туман ҳудудидаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти вақтинча тўхтатилади.

 

Бунга 16–18 июль кунлари об-ҳаво +40 даражадан юқори бўлиши сабаб сифатида келтирилмоқда.

 

Бундан олдинроқ «Ўзгидромет» жорий йилнинг 17-19 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантирганди.

 

17 июлда республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида, 18–20 июль кунларида ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +40…+43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +44…+45 даражагача кўтарилади.

 

Республика бўйича шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.

 

17 июль куни учун об-ҳаво прогнози

 

 

Тошкент шаҳрида ҳаво бир оз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 22-24 даража, кундузи 38-40 даража бўлади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ҳаво бир оз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 9-14 метр/секунд тезликда эсади, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади. Ҳарорат кечаси 24-29 даража, кундузи 38-43 даража бўлади.

 

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво бир оз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 13-18 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади. Ҳарорат кечаси 23-28 даража, чўл ҳудудларда баъзи жойларда 30 даражагача, кундузи 38-43 даража бўлади.

 

Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳаво бир оз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 13-18 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Ҳарорат кечаси 21-26 даража, кундузи 36-41 даража бўлади.

 

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво бир оз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 13-18 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Ҳарорат кечаси 23-28 даража, кундузи 39-44 даража бўлади.

 

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво бир оз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 20-25 даража, кундузи 35-40 даража бўлади.

 

 

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ҳаво бир оз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 13-18 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 19-24 даража, кундузи 30-35 даража бўлади.