АҚШ Таълим департаменти Мичиган университети хорижий маблағлар бўйича нотўғри ва тўлиқ бўлмаган ҳисобот тақдим этганини аниқлаб, расмий тергов бошлаб юборган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, тергов доирасида департамент университетдан 30 кун ичида хорижий молиялаштиришга оид солиқ ҳужжатлари, хорижий манбалардан олинган совғалар, грантлар ва шартномалар рўйхатини тақдим этишни сўраган.
Мичиган университети баёнотида қонунларга риоя қилиш масъулиятини жиддий қабул қилиши ва терговда тўлиқ ҳамкорлик қилишини билдирган.
Таълим департаменти, шунингдек, университет лабораториялари заиф, ташқи кучлардан ҳимояланмаганлиги таъкидлаган. Бу баёнот АҚШ Адлия департаменти томонидан икки нафар Хитой фуқаросига қарши илгари сурилган айбловларга асосланган. Улар 2024 йил июль ойида Мичиган университетининг лабораториясида тадқиқот ўтказиш учун АҚШга хавфли биологик моддани ноқонуний олиб киришда гумон қилинган эди.
Расмий маълумотларга кўра, Мичиган университети 2020 йилдан буён $375 миллион хорижий маблағ олган, шундан $86 миллиони белгиланган муддатда расмийлаштирилмаган. АҚШ қонунларига кўра, университетлар бир йилда $250,000 дан ортиқ хорижий маблағ олган тақдирда, бу ҳақида ҳукуматга хабар бериши шарт ҳисобланади.
Шунга ўхшаш хорижий молиялаштириш бўйича текширувлар илгари Гарвард, Пенсилвания ва Калифорния (Беркелей) университетларида ҳам бошланган эди.
