Жорий йилнинг 14 июль куни ҳукуматнинг 439-сон «Илк ривожланиш марказлари фаолиятини бошқичма-босқич йўлга қўйиш чора тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ҳар бир туман (шаҳар)да Илк ривожланиш марказлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифи берилган.
Илк ривожланиш марказларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:
– мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар учун мактабгача таълим хизматларидан фойдаланишда тенг имкониятлар яратиш;
– боланинг мослашишини ва таълим олишни давом эттиришга тайёрлигини таъминлаш;
– боланинг ёши, ўзига хос имкониятлари, қобилиятлари ҳамда эҳтиёжларини инобатга олиб, ҳар томонлама камол топишини таъминлашдан иборат.
Марказлар қувватига нисбатан паст коэффициэнтда фаолият кўрсатаётган умумий ўрта таълим ташкилотлари, давлат мактабгача таълим ташкилотлари, касбий таълим ташкилотлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида:
биринчи босқичда (2025 йил) – 50 та туман (шаҳар)да;
иккинчи босқичда (2026-2028 йиллар) – қолган туман (шаҳар)ларда ташкил этилиши белгиланган.

Марказлар ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болаларни, шу жумладан, биринчи навбатда «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларнинг фарзандларини қамраб олади.
Марказлар қуйидаги 2 та модель асосида фаолият кўрсатади:
махсус мактабгача таълим хизмати модели – педагоглар томонидан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган оилаларнинг 2–7 ёшли фарзандлари учун яшаш хонадонига борган ҳолда таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;
ўйин гуруҳи модели – 3–6 ёшли болалар учун Марказларда ташкил этилган қисқа муддатли (3,5–4 соат) гуруҳ.
Марказлар туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳузурида ташкил этилади. Марказларга қабул қилинган барча тарбияланувчилардан ота-она тўлови ундирилмайди.
