Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2025 йил 14 июлдаги 3647-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга кўра, мактаб битирувчилари ўрганган касб-ҳунарлари бўйича амалий имтиҳон топширади ва электрон сертификатга эга бўлади.
Бу қандай ишлайди?
10–11-синфда ўқиётган ўқувчилар белгиланган касбий таълим йўналишида билим ва кўникмаларни эгаллайди. 11-синф якунида эса улар ўз йўналиши бўйича амалий имтиҳонда иштирок этади. Ушбу имтиҳон мактабнинг ўзида ёки касбий ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилади. Ҳар бир ўқувчи 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Имтиҳонда 56 ёки ундан кўпроқ балл тўплаган битирувчиларга махсус электрон платформа орқали бепул, давлат тасдиғидан ўтган сертификат берилади.
Сертификатни олиш учун ҳеч қандай тўлов талаб қилинмайди. Сертификат махсус платформа орқали юклаб олинади ва расмий имзо билан тасдиқланади. Бу ҳужжат ўқувчининг мактаб даврида нафақат назарий билим, балки амалий касб кўникмаларини ҳам эгаллаганини тасдиқлайди.
Муҳим саналар:
25 июнгача – барча баҳолар платформага киритилади.
30 июнгача – асосий тоифадаги битирувчиларга сертификатлар берилади.
10 июлгача – қайта топширганларга сертификатлар топширилади.
Сертификат қандай кўринишга эга?
Давлат герби билан расмий форматда, икки тилда (ўзбек ва инглиз). Касб йўналиши, ўқиган мактаб, ўқитилган соатлар ва бошқа асосий маълумотлар келтирилади. Мактаб директори ва касбий кўникмалар маркази раҳбари томонидан тасдиқланади.
Имтиҳон натижаларидан норози бўлганларчи?
Апелляция комиссиясига ёзма шикоят топшириш мумкин. Ариза шу куннинг ўзида кўриб чиқилади ва ҳал қилинади.
Бу қарор ўқувчиларнинг нафақат билим, балки реал касб кўникмаларига эга бўлишини таъминлайди. Битирувчиларга мактабни битириш билан бирга касбий сертификат берилиши уларнинг келгусидаги иш фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
