2025/2026-ўқув йили учун иккинчи ва ундан кейинги таълим (иккинчи мутахассислик) учун талабгорларни онлайн рўйхатдан ўтказиш my.edu.uz портали орқали 10 июлдан 10 августга қадар давом этади.
Бунда номзодлар платформада:
– ўзининг шахсий маълумотларини киритади;
– диплом ва унинг иловаси электрон нусхасини юклайди;
– ўқимоқчи бўлган олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини танлайди.
Иккинчи мутахассисликка грант мавжудми?
Иккинчи мутахассисликка ўқиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Яъни олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари хусусиятидан келиб чиқиб, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим учун тўлов-контракт миқдори бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланади.
Иккинчи мутахассисликка нотурдош йўналишда ўқиса бўладими?
Иккинчи мутахассисликка ўқишга киришда бакалавр дипломининг қайси йўналишда эканлиги муҳим эмас. Масалан, тарих йўналишини тамомлаб, математика бўйича иккинчи мутахассисликни танлаш мумкин.
Ўқиш муддати неча йил давом этади?
Иккинчи ва ундан кейинги олий таълимда ўқиш 2-курсдан бошланади. Шунда талаба умумий 3 йил ўқийди.
Кириш имтиҳонлари қай тартибда бўлади?
Иккинчи мутахассисликка қабул қилиш тартиби (кириш имтиҳони шакли, баҳолаш мезонлари, имтиҳон ўтказиш муддатлари) олий таълим муассасасининг хусусиятидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланади. Ҳар йили 1 июлга қадар олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Айрим ҳолларда, талабгорлар суҳбат орқали қабул қилиниши ёки имтиҳонсиз ўқишга кириши мумкин.
