АҚШнинг технология маркази саналган Кремний водийсида олий таълимга нисбатан танқидий қараш кучаймоқда.
Business Insider ёзишича, бу ерда шаклланаётган янги авлод стартап эгалари университет дипломидан кўра амалиёт, менторлик ва ўз стартап ларини яратишни афзал кўрмоқда.
Мисол учун, Себастян Тан исмли ёш дастурчи Stenford университетига ўқишга кирган бўлсада, ўқишни кейинга қолдириб, Palantir технологик компаниясида амалиёт ўташни танлаган. Унинг фикрича, университетларда назария кўп, амалиёт эса етарли эмас.
«Технология оламида ҳамма нарса тез ўзгаради. Агар сен кун бўйи аудиторияда бўлсанг, ҳаёт ёнингдан ўтиб кетади,» — дейди Тан.
Palantir компанияси эса бу йўналишни расмий тарзда қўллаб-қувватлаяпти. Улар «Meritocracy Fellowship» номли махсус дастур орқали ёшларга университетга бормасдан дарҳол соҳага кириш таклифини бермоқда. Бу дастурда SAT/ACT имтиҳонларидан юқори балл олган ўқувчиларни танлаб, уларга сиёсий фалсафа, классик адабиёт ва танқидий тафаккур асосида ўқиш таклиф этилади.
Ушбу ҳаракатда ёшлар машҳур техногигантлар — Билль Гейтс, Стив Жобс, Марк Цукерберг каби университетни тарк этиб, муваффақиятга эришганлар тажрибасидан илҳомланишмоқда. Айниқса, ёш йигитлар олий таълим тизимини «шахсийликдан йироқ«, «эркакликка қарши» ва «woke маданиятининг тимсоли» сифатида кўришмоқда.
Бироқ экспертлар бундай ёндашувни хавфли деб билишмоқда. Гарвардлик иқтисодчи Девид Демингнинг таъкидлашича, кўпчилик ёшлар ҳали ҳам структуравий, кенг қамровли олий таълимга муҳтож. Унинг фикрларига кўра, университет дипломи ҳали ҳам даромад даражасига таъсир қилади ва жамиятда кўплаб эшикларни очади.
Palantir раҳбари, докторлик даражасига эга бўлган Алекс Карп ҳам анъанавий таълим тизимини кескин танқид қилади. Унинг сўзларига кўра:
«Сизни коллежда ҳаёт ҳақида ўргатган ҳамма нарса – интеллектуал жиҳатдан нотўғри.»
У ҳозирда ўзининг «The Technological Republic» («Технологик Республика») китобини стартап ўқув дастурига киритган.
