АҚШда Президент Доналд Трамп маъмурияти давлат мактабларига ажратилиши режалаштирилган 6 миллиард доллардан ортиқ таълим грантларини тўхтатиб қўйди.
NPRъга кўра, бу ҳақда штатлар расмийларига 1 июль куни, анъанавий маблағлар ажратилиши керак бўлган муддатдан бир кун олдин хабар берилган.
АҚШ Таълим вазирлиги томонидан юборилган хабарда шундай дейилади:
«Маъмурият алмашганини инобатга олиб, 2025-молиявий йил учун itle I-C, II-A, III-A, IV-A va IV-B грант дастурларини кўриб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирча бу борада қарор қабул қилинмаган.»
Мазкур грантлар мактабларда муҳожир ўқувчилар, инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўрганаётганлар, дарсдан олдин ва кейинги таълим дастурлари, шунингдек, ўқитувчиларни касбий ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришда муҳим аҳамиятга эга эди. Айниқса, ўқитувчилар малакасини ошириш учун ажратилган 2,2 миллиард долларлик маблағ ҳозирча музлатиб қўйилган.
Ҳозирча 5 та асосий федерал грант дастури тўхтатилган (музлатилган).
Бу грантлар 2025-молиявий йил учун ажратилиши режалаштирилган, лекин Трамп маъмурияти томонидан қайта кўриб чиқилаётгани сабабли тўхтатилган:
1.Title I-C – Education of Migratory Children
➤ Мавсумий ёки муҳожир оилаларнинг фарзандлари учун таълимни қўллаб-қувватлаш.
2.Title II-A – Supporting Effective Instruction
➤ Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, касбий ривожланиш ва профессионал тренинглар учун.
3.Title III-A – Language Instruction for English Learners and Immigrant Students
➤ Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўрганаётган ўқувчилар ва муҳожир болаларга хизматлар кўрсатиш.
4.Title IV-A – Student Support and Academic Enrichment Grants
➤ Кенг қамровли ўқув дастурлари, хавфсизлик, саломатлик, СТEМ йўналишлари ва технология таълимини қўллаб-қувватлаш.
5.Title IV-B – 21st Century Community Learning Centers (21st CCLC)
➤ Дарсдан олдинги ва кейинги машғулотлар, ёзги мактаблар, қўшимча тўгараклар (робототехника, тикувчилик, театр ва ҳ.к.) учун.
Эслатма:
Title I (асосий қисм) – Кам таъминланган ҳудудлардаги мактаблар учун маблағ.
IDEA – Individuals with Disabilities Education Act – Ногиронлиги бор ўқувчиларга хизмат кўрсатиш учун маблағ.
Ушбу иккала дастур ҳозирча тўхтатилмаган, яъни маблағлар берилмоқда.
ААСА (The School Superintendents Association) вакили Тара Томас бу ҳолатни «мисли кўрилмаган» деб атади ва мактаблар учун бу каби ноаниқликлар режалаштириш ва буджетлаш жараёнларини жиддий бузишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Президент Трамп маъмуриятининг 2026 йилги федерал буджет таклифида айнан ушбу грантлар тўлиқ бекор қилиниши ҳам кўзда тутилган эди.
Шунга қарамай, Title I (кам таъминланган ҳудудлардаги мактабларни қўллаб-қувватлаш) ва IDEA (ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун) каби энг муҳим федерал молиялаштириш манбаларига ҳозирча таъсир қилинмаган.
