Тошкент ва Фарғонада ОТМга ноқонуний ўқишга киритиш ҳолатлари аниқланди

Тошкент ва Фарғонада ОТМга ноқонуний ўқишга киритиш ҳолатлари аниқланди

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг кафедра ўқитувчиси ўзининг мансабдор танишлари орқали пойтахтлик фуқарони мазкур олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйиш эвазига пора олаётган вақтида далиллар билан ушланди.

 

 

Унга кўра, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир ўтказилган.

 

 

Бунда, университетининг кафедра ўқитувчиси таниш-билиш орқали тошкентлик фуқарони Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4000 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

 

 

Бошқа ҳолатда эса Фарғона давлат университетининг кафедра ўқитувчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, юқори лавозимда ишловчи ҳамкасблари орқали Фарғона шаҳрида яшовчи фуқарони бокс бўйича даражали унвони мавжудлиги ҳақида ҳужжат тайёрлаган.

 

 

Шу орқали мазкур университетнинг ҳарбий таълим факультетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3800 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

 

 

Ҳозирда мазкур ўқитувчиларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани таъкидланган.