Аввалроқ хабар берганимиздек, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари 14 июлидан 23 июлига қадар ташкил этилади.
2025-2026-ўқув йили учун абитуриентларни рўйхатга олиш 5 июндан 25 июнгача онлайн тарзда амалга оширилди. Бу давр мобайнида республика бўйича жами 671 397 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди. Шундан 426 685 нафари (63,6 %) жорий йил битирувчилари, 244 712 нафари (36,4 %) эса олдинги йиллар битирувчилари ҳисобланади. Бу ҳақда Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.
Рўйхатдан ўтиш жараёнида тақдим этилган халқаро сертификатлар тизимли равишда кўриб чиқилди. Натижада 18 854 та сертификат ҳақиқий деб топилди ва тан олинди. 3 370 та сертификат эса белгиланган талабга жавоб бермагани сабабли рад этилди.
Жорий йилда барча фанлардан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган 678 нафар абитуриент тест синовларидан озод қилиниб, бевосита танлов босқичига ўтказилди. 2024 йилда бундай имкониятдан атиги 1 нафар абитуриент фойдаланган эди.
