Россия Давлат Думасида қабул қилинган янги қонун лойиҳасига кўра, ҳукумат квотаси асосида ишга келган чет эллик фуқаролар рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳонлардан озод қилиниши мумкин.
Қонунга кўра, квота асосида тасдиқланган иш жойлари бўйича ишга қабул қилинган хорижий фуқароларнинг Россияда вақтинча ишлаш муддати 1 йилгача белгиланиши мумкин. Иш берувчи эса ушбу ходимларнинг ўз вақтида мамлакатдан чиқиб кетиши учун масъул бўлади.
Шунингдек, Россияда юқори малакали хорижий мутахассислар эндиликда ишга жойлашаётганда рус тили, тарих ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳон топширишлари талаб этилмайди.
Аввалроқ, 2025-йил 1-апрелдан бошлаб Россия мактабларига қабул қилинаётган мигрант болалар учун рус тилини билиш бўйича мажбурий тест синовлари жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.
