Россия Бош прокуратураси АҚШнинг энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлган Йель университетини «номақбул ташкилотлар» рўйхатига киритди.
Расмий баёнотга кўра, ушбу университет фаолияти Россиянинг ҳудудий яхлитлигини бузиш ва давлатга нисбатан халқаро блокадани кучайтириш ва унинг иқтисодий асосларини издан чиқаришга қаратилган деб ҳисобланган.
Маълумот учун: Йель университети — АҚШда Гарвард (1636) ва Уилям ва Мери коллежи (1693)дан кейин учинчи энг қадимги университет ҳисобланади. Бугунги кунда Йель университети таркибига бакалавриат (100 дан ортиқ йўналишлар), санъат ва фанлар олий мактаби ҳамда 13 та профессионал мактаб киради. Унда талабалар менежмент, халқаро алоқалар, архитектура, санъат каби соҳаларда таҳсил олишади.
Йель университети АҚШнинг энг обрўли «Ivy League» ассоциацияси аъзоси ҳисобланади. Унинг битирувчилари орасида беш нафар АҚШ президенти, жумладан, Жорж Буш (ота) ва Жорж Буш (ўғил) бор. QS World University Rankings рейтингида университет дунё бўйича 21-ўринда, Forbes рейтингида эса АҚШда 4-ўринни эгаллаган. Битирувчиларнинг 10 йилдан кейинги ўртача йиллик даромади $168 300 атрофида баҳоланади.
