Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.01.2022 йилдаги 17-сон қарорига мувофиқ техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига 2-босқичдан суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади.
Қарор низомига кўра, битирувчилар ҳар йили 5 июлдан 25 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтади.
Бунда муваффақиятли тамомлаганлар тоифасига техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра ўзлаштириш баҳолари «5 (аъло)» ва «4 (яхши)», бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббиёт олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) «5 (аъло)» бўлган битирувчилар киради.
Техникум битирувчиларини олий таълим муассасаларига иккинчи босқичдан қабул қилиш жараёнлари қай тартибда амалга оширилади?
Қабул жараёнлари икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда талабгорлар қуйидаги ҳужжатларни 5 июлдан 25 июлга қадар муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтишида тизимга шахсий маълумотларини киритиши ва қуйидаги ҳужжатларни юклаши талаб этилади:
– паспорт ёки ID-карта нусхаси;
– техникумни битирганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унга илованинг нусхаси.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан вазирликнинг расмий веб-сайти орқали битирувчиларни рўйхатдан ўтказиш жараёнлари мувофиқлаштирилиб борилади.
Эслатма! Битирувчилар томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланганда, у суҳбатдан (талабаликка қабул қилингандан кейин аниқланса, талабаликдан) четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
Қабулнинг иккинчи босқичида эса, талабгорларнинг тизимга юклаган ҳужжатлари ўрганиш натижасида сараланганлар билан суҳбат бўлиб ўтади. Суҳбат олий олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) буйруғи билан тузилган қабул комиссияси томонидан олиб борилади ва Олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) қабул комиссиясининг раиси ҳисобланади. Суҳбат жараёни ҳар йили 10 августдан 25 августгача, олий таълим муассасаси томонидан белгиланган муддатда бўлиб ўтади.
Суҳбат коммисияси таркиби ва фаолияти низоми қандай?
Суҳбат комиссияси 9 нафардан кам бўлмаган таркибда тузилади ва унинг таркибига кадрларнинг асосий иш берувчилари бўлган ташкилотлар ва олий таълим муассасаси бўйсунуви бўйича вазирликлар ва идораларнинг масъул ходимлари, соҳага тааллуқли техникумнинг малакали ўқитувчиси ҳамда бошқа олий таълим муассасасининг тегишли соҳа бўйича профессор-ўқитувчиси киритилади.
Шаффофликни таъминлаш мақсадида ушбу суҳбат жараёни тўлиқ видеокузатув остида ўтказилади ва жараён ота-оналар, кузатувчилар учун ажратилган алоҳида кутиш жойига овозли тарзда онлайн транслация қилиб борилади. Шунингдек ушбу суҳбат жараёнларининг видеокузатувлари камида уч йил олий таълим муассасасида сақланади.
Суҳбатда битирувчилардан қандай саволлар сўралади?
Суҳбат жараёнида битирувчиларнинг ҳар бирига қуйидаги мавзулар бўйича биттадан жами тўртта савол берилади:
Суҳбатдан кейинги жараёнлар қандай?
Жами тўплаш мумкин бўлган энг юқори балл 100 баллни ташкил этади. Субатни амалга ошириш бўйича баҳолаш мезонлари тегишли олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ҳамда расмий веб-сайтларида эълон қилинади. Суҳбат комиссияси аъзолари томонидан суҳбат натижаларини қайд этиш варағига ҳар бир битирувчи билан ўтказилган суҳбат натижасига кўра балл белгилаб, имзоланади.
Суҳбат комиссияси томонидан тасдиқланган суҳбатнинг якуний натижаларини қайд этиш варағига асосан Суҳбат комиссиясининг иштирок этган аъзолари томонидан қўйилган балларнинг ўртачаси 67 балл ва ундан юқори бўлганда абитуриент суҳбатдан ўтган ҳисобланади.
Муайян таълим йўналиши (гуруҳ) бўйича ўтказилган суҳбат натижаларига кўра суҳбатдан ўтганлар рўйхати шу куннинг ўзида абитуриентларга ўқиб эшиттирилади.
Муҳим! Олий таълим муассасасида суҳбатлар ўтказилиши даврида белгиланган тартибда апеллация шикоятларини кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси ташкил этилади.
Апелляция шикоятлари суҳбат натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида олий таълим муассасасида тўғридан тўғри ёзма шаклда ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн шаклда қабул қилинади ва апелляция комиссияси томонидан мурожаат қилганларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда бир кундан уч кунгача бўлган муддатда видеоёзув асосида кўриб чиқилади.
Суҳбат натижаларига кўра талабаликка тавсия этилганлар тўғрисидаги маълумотлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик, идорага тақдим этилади. Шунингдек, Суҳбат комиссиясининг суҳбат натижаларини қайд этиш ҳамда суҳбатнинг якуний натижаларини қайд этиш варақлари уч йил олий таълим муассасасида сақланади.
Талабаликка тавсия этилганларнинг умумий рўйхати суҳбат жараёни тўлиқ якунлангандан сўнг бир кун муддатда олий таълим муассасасининг веб-сайтида эълон қилинади ва улар тўлов-контракт асосида ўқишни давом эттиради. Қабул қилинган кундан бошлаб уларга белгиланган намунадаги тўлов-контракт бланкалари олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан берилади.
Талабаликка тавсия этилганлар учун тўлов ҳар йили контракт шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.
