Ҳукуматнинг 2024 йил 2 февралдаги 87-сон қарорига мувофиқ, тоифа сертификати бор бўлган ёки тоифа тестларида «мутахассис лавозимини сақланган» педагоглардан касбий Сертификат талаб қилинмайди.
Ушбу низомнинг 3-банди (янги таҳрирда): стажёр-ўқитувчилар бир йилга ишга қабул қилинадилар, муддат якунлангандан сўнг, фақат касбий сертификат олган ёки навбатдан ташқари педагог кадрлар аттестациясида иштирок этиб, камида мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими сақланган даражада кўрсаткичга эга бўлган педагоглар билан белгиланган тартибда ўқитувчи сифатида меҳнат шартномаси тузилади.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотларида педагог касбига биринчи марта ишга қабул қилинган стажёр-ўқитувчилар, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса педагоглар аттестациясидан ўта олмаган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас деб топилган педагог кадрлар ҳам касбий сертификатлаш синовларига жалб этилиши белгиланган.
Касбий сертификат — назорат синовидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган, чекланмаган муддатга бериладиган QR-код қўйилган давлат намунасидаги ҳужжат.
Талабгор – касбий сертификат олишга даъвогар бўлган давлат умумий ўрта таълим ташкилотидаги ҳамда аввал касбий сертификатлашда иштирок этиб ўта олмаган стажёр-ўқитувчи ёки мутахассис лавозимидаги, шунингдек педагоглар аттестациясидан ўта олмаган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас деб топилган педагог кадрлар.
