ААUW International Fellowship – грант дастури АҚШ фуқароси ёки доимий резиденти бўлмаган аёл-қизларнинг АҚШ даги аккредитацияланган олий таълим/тадқиқот муассасасида магистратура ва PhD таълимини олиши ҳамда тадқиқот ўтказишини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Дастурга аллақачон АҚШ да ўқиётганлар ҳам, энди ўқишга топширмоқчи бўлганлар ҳам ариза топшириши мумкин.
Бунда номзодлар дастурга ўзларининг ўқиш режаси (study plan) ёки тадқиқот режасини (research plan) тақдим этиши керак.
Грант кимлар учун?
Грант магистратура, докторантура курслари ёки постдокторлик тадқиқоти учун хотин-қизларга берилади.
Грантнинг манфаатли жиҳатлари:
Грант қандай дастурга белгиланишидан келиб чиқиб қуйидагича миқдорда бўлади:
Магистратура курси учун йиллик – 20 000 АҚШ доллар грант
Докторантура (PhD) курси учун йиллик – 25 000 АҚШ доллар грант
Грант 1 йил муддатга берилади. 5 тагача магистратурада ўқиётган ғолиблар учун грант 2 йилга ҳам узайтирилиши мумкин.
Юқоридаги сумма қуйидагича харажатлар учун ишлатилиши мумкин:
– таълим харажатлари;
– яшаш харажатлари;
– фарзанд парвариши харажатлари;
– профессионал учрашувлар, конференциялар ёки семинарга сафар қилиш учун, бундай сафарлар харажати грант суммасининг 10 фоизидан ошиб кетмаслиги керак.
Талаблар:
Номзодларга қўйилган умумий талаблар қуйидагилардан иборат:
– Грантлар фақат аёл-қизларга берилади;
– Номзод ААUW ташкилотининг шу ва бошқа грантларини аввал қўлга киритмаган бўлиши керак;
– Номзод ариза топшириш вақтида АҚШ даги ОТМнинг магистрлик ёки PhD босқичига тўлиқ ўқиш (full-time) асосида қабул қилинган бўлиши керак;
– Бундан олдин ариза топширган, лекин юта олмаганлар қайта топшириши мумкин;
– Камида бакалаврлик дипломига эга бўлиш лозим. Бунга GPA (баҳоларнинг ўртачаси) 4 лик камида 3.5 бўлиши талаб этилади;
– Номзод ААUW кенгаши аъзоси ёки ходимларидан бири бўлиши мумкин эмас;
– Инглиз тилини билиш даражасини исботловчи ҳужжат топшириш талаб этилади (IELTS 6.5 ёки шунга тенг бошқа халқаро инглиз тили даражаси);
– Грант тўлиқ бир йил давомида тадқиқот олиб бориш учун берилади. Бир йилдан кам бўлган тадқиқот/ўқиш муддати учун грант ажратилмайди. Бунда тадқиқот 2026 йил 1 сентябрдан ёки ундан олдин бошланиши ва 2027 йил 30 апрель ёки ундан кейин якунланиши керак.
– Онлайн (масофавий) ўқитиладиган курслар учун грант берилмайди.
Муҳим: Юқоридаги талаблар умумий тарзда келтирилган. Талаблар билан бу ерда тўлиқ танишишингиз мумкин.
Дастурга қабул жараёни
Дастурга аризалар 2025 йил 1 августдан 30 сентябрга қадар топширилиши мумкин. Ҳужжат топшириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1. АҚШда жойлашган, аккредитациядан ўтган олий таълим муассасасига магистратура ёки докторантура курсига ариза топширинг. Грантга ҳужжат топшириш вақтида ўқишга қабул қилинганингиз ҳақида маълумотнома (қабул хати) талаб этилади;
2. Юқоридагилар бажарилгач, ААUW International Fellowship дастурига алоҳида ариза юборинг. Ариза топшириш учун ҳавола қабул очилганида бу саҳифага жойланади. Керакли ҳужжатлар рўйхати билан бу ерда танишинг (Application requirements).
Грант белгиланган номзодлар рўйхати 2026 йил 15 апрелида эълон қилинади.
