Жорий йилнинг 10 июлдан бошлаб, аллақачон олий маълумотга эга бўлганлар (бакалавр/дипломли мутахассис) иккинчи ва ундан кейинги олий таълим йўналишларига қабул қилинади.
Амалдаги тартибга кўра, 2025 йилда иккинчи мутахассисликка қабул жараёни 10 июлдан 10 августга қадар давом этади. Ушбу қабул фақат онлайн шаклда амалга оширилади. Номзодлар ўз ҳужжатларини my.edu.uz платформа орқали топширадилар.
Онлайн ариза топшириш тартиби
2-мутахассисликка ҳужжат топшириш учун абитуриент қуйидаги босқичларни бажариши лозим:
– паспорт маълумотлари ва ЖШШИР рақамини тизимга тўғри киритиш;
– диплом ва унинг иловасининг сканер қилинган электрон нусхаларини юклаш;
– ўқиш истаги бўйича олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини танлаш.
Бу жараён орқали номзодлар истаган йўналишда иккинчи олий таълим олиш имкониятига эга бўладилар.
Қабул муддати: 10 июль – 10 август
Имтиҳон тартиби: ОТМнинг расмий веб-сайтида 1 июлгача эълон қилинади. Ҳар бир ОТМ ўзининг квоталари ва имтиҳон талабларини ўзи белгилайди.
2-мутахассислик бўйича ўқиш шартлари
Иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Қабулда иштирок этиш учун абитуриентда аввалги олий маълумот тўғрисида диплом бўлиши мажбурий.
Иккинчи мутахассислик бўйича ҳам сиртқи таълим шаклида янги қабул амалга оширилмайди. Ушбу йўналишда таълим олишни истовчилар учун кундузги, масофавий ёки кечки таълим шаклларининг мавжуд таълим йўналишлари тавсия этилади.
Натижалар 30 августгача чоп этилади.
Ўқиш 2-курсдан бошланади ва стандарт ўқиш муддатидан 1 йил қисқароқ бўлади.
Эслатма: Бу қоидалар ҳарбий олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.
Маълумот учун, иккинчи мутахассисликка ўқишга киришда бакалаврни қайси йўналишни тамомлаганлик аҳамиятли эмас. Яъни аввал математика йўналишини тамомлаб, кейин иккинчи мутахассисликка биология йўналишига топшириш мумкин. Бу бўйича ҳеч бир чеклов йўқ.
