Ёш олимлар учун долзарб муаммоларни ҳал этишга ёрдам берувчи лойиҳа муҳокама қилинди

Ёш олимлар учун долзарб муаммоларни ҳал этишга ёрдам берувчи лойиҳа муҳокама қилинди

Президентнинг 2023 йил 20 апрелдаги «Илмий-методик ва тадқиқот ишлари сифатини ошириш орқали таълим тизимини комплекс ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги 128-сон қарорида таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган таҳлилий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, таълим жараёнида жаҳон илм-фани ва технологиялари ютуқларидан кенг фойдаланиш бўйича илмий ишланмалар ва тавсиялар тайёрлаш, илғор амалиётни ўрганиш ва тизимли таҳлил қилиш ҳамда уни республикада жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича вазифалар белгиланган.

 

 

Жорий йилнинг 1 июль куни мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказида «Ёш олимлар ва тадқиқотчилар мактаби» лойиҳаси бўйича давра суҳбати ташкил этилди.

 

 

Унда Олий аттестация комиссияси, Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти мутасаддилари ҳамда Алфраганус университети ва бошқа педагогика олий таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда олимлар иштирок этишган.

 

Ёш олимлар учун долзарб муаммоларни ҳал этишга ёрдам берувчи лойиҳа муҳокама қилинди

 

Тадбирда Таълимни ривожлантириш маркази директори в.в.б Юлия Рисюкова «Ёш олимлар ва тадқиқотчилар мактаби»нинг аҳамиятига тўхталиб ўтар экан, ушбу ташаббус ёш олимларнинг илмий изланишлари учун кенг йўл очишини таъкидлаган.

 

«Лойиҳанинг асосий мақсади – ёш тадқиқотчиларни илмий фаолиятга методик ва ахборот жиҳатдан тайёрлаш, уларни замонавий илм-фан ва технологиялар ютуқлари, илғор хорижий тажриба ва инновацион ёндашувлар билан таништиришдан иборат.

 

Бугунги давра суҳбати орқали биз лойиҳанинг асосий йўналишлари, илмий-амалий ўқув курси, ёш тадқиқотчилар учун яратилаётган имкониятлар ва келгусидаги режалар юзасидан фикр алмашамиз», – деди Юлия Рисюкова.

 

Шунингдек, Олий аттестация комиссияси раиси маслаҳатчиси Баҳодир Жовлиев мамлакатимизда илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, «Ёш олимлар ва тадқиқотчилар мактаби» бу борада илмий изланувчиларни методик қўллаб-қувватлашда муҳим майдон бўлишини қайд этган.

 

«Ушбу ислоҳотларга монанд равишда Олий аттестация комиссияси томонидан ҳам ёш олимларни илмий ва методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўла намоён этишлари учун зарур шароитлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда», – деди Баҳодир Жовлиев.

 

Лойиҳанинг мақсади таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган таҳлилий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, жаҳон илм-фани ва технологиялари ютуқлари, илғор амалиётни ўрганиш ва тизимли таҳлил қилиш ҳамда уни республика миқёсида жорий этишдан иборат.

 

 

Шунингдек, мазкур жараёнда ёш олимлар ва тадқиқотчиларни тадқиқот фаолиятига кенг жалб этиш, уларнинг салоҳиятини ривожлантириш, изланишларини доимий тарзда қўллаб-қувватлаш ҳам кўзда тутилган.

Ёш олимлар учун долзарб муаммоларни ҳал этишга ёрдам берувчи лойиҳа муҳокама қилинди

 

Алфраганус университети ректори Муҳаммадисмоил Маҳмудовнинг қайд этишича, «Ёш олимлар ва тадқиқотчилар мактаби» илмга қизиқувчи ёшларни методик жиҳатдан қўллаб-қувватлашда муҳим омиллардан биридир.

 

«Ҳар қандай давлат ривожида илм-фан соҳасини ривожлантириш муҳим аҳамият каб этади. Мазкур жараёнларда ёш авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий салоҳиятини намоён этишга кўмаклашиш ҳар биримиз учун устовор вазифалардан биридир.

 

«Ёш олимлар ва тадқиқотчилар мактаби»нинг йўлга қўйилиши бугунги кунда нафақат бизнинг университетимиздаги балки, барча олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидаги илмий кадрлар учун айни муддао бўлди, десам адашмаган бўламан», – деди Муҳаммадисмоил Маҳмудов.

 

Лойиҳа қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:

 

 

– «Ёш олимлар ва тадқиқотчилар мактаби» илмий-амалий онлайн ўқув курсини ташкил этиш;

 

– Илмий кенгашлар ва уларнинг фаолияти тўғрисида маълумотларни тақдим этиш;

 

– Тадқиқотчилар учун фойдали манбалар ва илмий материалларни мунтазам равишда тақдим этиб бориш;

 

– Илмий ишланмаларни (мақолалар, диссертация ишларининг авторефератлари, илмий рисола ва бошқалар) тақдим этиш;

 

– Маҳаллий ва халқаро ОАК рўйхатидаги журналлар, улар ҳақида тўлиқ маълумотлар ҳамда мақола чоп этиш талаблари билан таништириб бориш;

 

– Илмий тадқиқотларнинг замонавий методологияси ва тадқиқотчилар учун зарурий ҳаволаларни бериб бориш;

 

– Ўзбекистонда илмий-инновацион фаолиятни амалга оширишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тақдим этиш.

 

Ёш олимлар учун долзарб муаммоларни ҳал этишга ёрдам берувчи лойиҳа муҳокама қилинди

 

«Ёш олимлар ва тадқиқотчилар мактаби» илмий-амалий онлайн ўқув курси доирасида асосий эътибор изланувчиларни методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларда зарурий кўникмаларни шакллантириш, шунингдек, илм-фан соҳасида инновацион ёндашувларни кенг тарғиб этишга қаратилади.

 

 

Шунингдек, изланувчилар учун танқидий фикрлаш, долзарб муаммоларни ҳал этиш, тадқиқотларнинг амалий натижаларини тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича билимларини янгилаб бориш имконияти яратилиши кўзда тутилган.