Жорий йилнинг 10–12 июль кунлари Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаблари учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади.
Кириш имтиҳонлари талабгорларнинг ўз ҳудудларида – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
Яъни ҳудудлардан мазкур мактабларга ҳужжат топширган ўқувчиларнинг имтиҳонда қатнашиши учун Тошкент шаҳрига келишлари талаб этилмайди.
Диққат, Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаби ҳамда мазкур мактабнинг Нукус, Андижон, Бухоро, Фарғона, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Урганч шаҳарларидаги филиаллари учун кириш имтиҳони бир вақтда бўлиб ўтади.
Талабгорларга топшириқларни бажариш учун 105 дақиқа вақт берилади.
Эслатиб ўтамиз, талабгорларга топшириқларни бажариш учун белгиланган вақтдан (105 дақиқа) ташқари, кириш имтиҳонининг жавоблар варағини белгилаш учун қўшимча вақт берилмайди.
Имтиҳон рухсатномасини юклаб олиш учун талабгорнинг аризада киритилган телефон рақамларига SМS-хабарнома юборилади.
Шундан сўнг, имтиҳон ўтказиладиган жой номи ва вақти тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган рухсатномани Шахсий кабинетингиз орқали юклаб олишингиз мумкин.
