Эртага, 3 июль куни «Эл-юрт умиди» жамғармаси 2025 йил 1-очиқ стипендия танловининг тест босқичига тавсия этилган номзодлар учун имтиҳон ўтказилади. Бу ҳақда UzА мухбири хабар берди.
Танловнинг I босқичидан муваффақиятли ўтган ҳамда тест босқичидан озод этилиш учун зарур бўлган халқаро сертификатларга (SАТ, GRE, GMAT, A-Level) эга бўлган ва уларни белгиланган муддатда тақдим этган номзодлар тест синовларидан озод қилинади.
Қайд этилишича, ўқиш харажатлари (таълим, яшаш, йўлкира ва бошқа харажатлар) жамғарма ҳисобидан қопланади.
Жорий йилда 975 нафар номзод IQ даражаси, танқидий фикрлаш ҳамда психологик барқарорликни аниқлаш бўйича офлайн ва онлайн шаклда ўтказиладиган тест синовларида иштирок этишга тавсия этилган. Номзодлар ҳудудларда белгиланган вақтда шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-карта) билан тест синовлари жойига етиб келиши лозим.
Тестда онлайн иштирок этадиган номзодлар эса Тошкент вақти билан соат 16:00 да «ZООМ» платформаси орқали тест синовларида иштирок этади. Онлайн иштирок этувчи номзодларга «ZООМ» ҳаволаси онлайн платформа ёки электрон почта манзиллари орқали юборилади.
Агар номзод белгиланган ҳудудда тест куни бўлмаган тақдирда, у тест синовларини бошқа ҳудудда топшириши мумкин. Белгиланган тартиб ва мезонларга риоя қилмаган номзодлар танловнинг кейинги босқичига ўтказилмайди.
