Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2025 йил 1 июль кунидаги «Касбий таълим ташкилотларининг ишлаб чиқариш таълими усталарини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга кўра, ишлаб чиқариш таълими усталари ҳар беш йилда бир марта малака тоифасини бериш бўйича навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.
Низомнинг 6-бандига кўра, илгари аттестациядан ўтмаган ва ишга янги қабул қилинган ёки таълим ташкилотларини битириб, биринчи бор ишга кирган ишлаб чиқариш таълими усталари мутахассислиги бўйича 3 йил педагогик иш стажига эга бўлгандан сўнг, мажбурий аттестацияга жалб қилинади. Мажбурий аттестацияга жалб қилингунга қадар уларда малака тоифасига эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими устаси тоифаси берилади.
Ишлаб чиқариш таълими усталари ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтиши мумкин. Бунда, навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, аттестациядан ўта олмаган таълим усталарининг малака тоифаси туширилмайди ҳамда улар лавозимига мувофиқ эмас деб ҳисобланмайди.
Навбатдаги мажбурий аттестация натижаларига кўра амалдаги малака тоифаси оширилган, сақланган ёки туширилган, шунингдек, навбатдан ташқари аттестация натижаларига кўра амалдаги малака тоифаси оширилган ёки сақланган ишлаб чиқариш таълими усталари навбатдаги мажбурий аттестацияга 5 йилдан сўнг жалб этилади.
Ушбу қарорнинг 14-бандига мувофиқ, ишлаб чиқариш таълими усталари асосий иш жойи бўйича аттестацияга жалб этилади. Касбий таълим ташкилотларида ўриндошлик асосида фаолият юритаётган ва асосий иш жойи бўйича педагогик фаолият билан шуғулланмайдиган ишлаб чиқариш таълими усталари ўриндошлик асосида фаолият юритаётган касбий таълим ташкилотларидан ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилиши мумкин.
15. Ишлаб чиқариш таълими усталарининг малака тоифалари бошқа таълим ташкилотларига ишга ўтганда сақлаб қолинади.
16. Ишлаб чиқариш таълими усталари олий ёки ўрта махсус (касбий таълим) маълумот олганлиги, норасмий ва информал орттирилган кўникма ва малакаларни тан олиш («Реcогнитион оф Приор Леарнинг») диплом ёки сертификатлар шунингдек қайта тайёрлаш курсидан ўтганлиги ҳақидаги дипломида кўрсатилган мутахассислиги ёки ихтисослиги бўйича аттестациядан ўтади.
17. Аттестациядан ўтиш учун ишлаб чиқариш таълими усталари ҳар йили 1 августдан 1 октябрга қадар бевосита pedagog.edu.uz электрон ахборот тизимидан (бундан буён матнда ахборот тизими деб юритилади) рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қиладилар.
