Жорий йилнинг 29-июнь куни Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамкорлигида Иқтидорли болалар республика олимпиадаси (IBRO –2025) нинг финал босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу олимпиадада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 230 мингдан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Уч босқичли танловнинг финал босқичига 3 453 нафар ўқувчи йўлланма олди.

Илк бор сунъий интеллект технологиялари қўлланилган ҳолда testbor.uz платформаси орқали 2–11-синф математика, 9–11-синф физика ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича билимларни баҳолаш имконияти яратилди. Бу эса ўқув дастурлари ва дарсликларнинг амалий самарадорлигини таҳлил қилишга замин яратди.

Олимпиаданинг учинчи босқичида ғолибликни қўлга киритган ТОП–100 нафар 2–9-синф ўқувчилари турли миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, ТОП–10 нафар 10–11-синф ўқувчиларига ноутбук, планшет, мобил телефон, ақлли соат ва қулоқчинлар тақдим этилди.
Энг юқори натижа кўрсатган 10–11-синфнинг 18 нафар ўқувчиси AKITA ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетларига 100 фоиз грант асосида имтиҳонсиз қабул қилинади. Олимпиадада энг фаол қатнашиб, юқори ўринларни қўлга киритган мактабга эса «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан бош соврин – BYD Chazor автомобили топширилди.
Иқтидорли болалар республика олимпиадаси (IBRO–2025) нинг финал босқичи ғолибларининг рўйхати билан шу ерда танишишингиз мумкин.

