Танқидий фикрлашга эга ва ўз фикрига таянадиган Aльфа авлоди болалари

Танқидий фикрлашга эга ва ўз фикрига таянадиган Aльфа авлоди болалари

Альфа авлоди — 2010 йилдан бошлаб ҳозирги кунгача туғилган болалар ҳисобланади. Айнан шу йилни танлаш бежиз эмас — ўша пайтда Instagram ва iPad пайдо бўлиб, улар замонавий болаларга катта таъсир кўрсатмоқда. Уларни тўлиқ ўрганиш учун вақт керак. Улар билан эски тарбия усуллари ишламайди.

 

 

Альфа авлоди нима — бошқалардан фарқлари

 

Бугунги кунда бу авлоддан умидлар катта, уларни инсоният қутқарувчилари, келажак жамиятини барпо этадиган алоҳида одамлар деб эълон қилишади. Интернет ва гаджетлар уларни деярли туғилганидан бери таъқиб қилиб келмоқда. Улар болаликдан кўп ахборотни қабул қилади. Альфа болалар ҳар қандай саволга жавоб қидирув тизимлари орқали осонгина топишга ўрганиб қолишган.

 

Бу болалар кўп миллатли ва турли ирқдаги дунёда яшайди. Мактаб ёшигача бир неча мамлакатларни кўриб чиқишади.

 

Альфа авлоди болалари иқлим ўзгариши, экологик инқироз даврида туғилиб улғаймоқда. Шунинг учун улар дунёга масъулият билан қарашни ва табиий ресурсларни тежашни яхши тушунади. Кўпчилик бундай болаларда ўз ўрнини аниқлаб олганлик ва ўз қарашлари борлигини кўради. Уларнинг фикрига зўрлик билан таъсир ўтказиш қийин, улар босимни қабул қилмайди. Уларни мажбурлаш ёки таҳдид қилиш орқали ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Чунки улар танлов эркинлигига ўрганиб қолган.

 

Альфа авлоди болалари жуда ижодкор, қатъиятли, ёрқин, танқидий фикрлашга эга ва ўз фикрига таянадиган шахслар.

 

 

Альфа авлодини қандай тарбиялаш керак?

 

Альфа авлоди алоҳида ёндашувни талаб қилади. Айниқса, уларни тарбиялаётганда уч муҳим қоидага риоя қилиш зарур.

 

Биринчидан, тенглик ва ҳамкорлик муҳим. Уларга буйруқ овозида мурожаат қилиш кучли қаршиликка олиб келади. Бунинг ўрнига уларга нима учун ва қандай қилиш кераклигини тушунтириш лозим. Бу болалар билан ҳамкорликда ишлаш ва уларга танлов эркинлигини бериш ҳисобланади.

 

Масалан: «Илтимос, вақтида ухлашга ёт. Агар доимий равишда кам ухласанг, ўз ҳолатинг ва иммунитетинг ёмонлашади, касал бўлиб қоласан ва севимли машғулотларинг учун камроқ вақт қолади».

 

Иккинчидан, альфа болага ҳалол ва самимий бўлиш керак. Улар сохта нарсани сезади. Агар ота-онаси ёки тарбиячи уларга нисбатан самимий бўлмаса, уларга бўлган ишончи йўқолади ва уни тиклаш қийин бўлади.

 

Учинчидан, улар билан кўпроқ мулоқот қилиш зарур. Бу болалар ахборотни жуда тез ўзлаштиради. Альфа болалар билан гаплашганда уларни диққат билан тинглаш ва ўйлаб жавоб бериш керак. Улар гапиришни ва ўз фикрларини ифода этишни яхши кўрадилар. Бу болаларнинг фикрига қарши туриш ўрнига уларнинг хаёлпарастлигини, фикрларининг чуқурлигини қабул қилиш лозим.

 

Бундан ташқари, уларни келажакдаги касб танлови ҳақида мажбурлашнинг ҳожати йўқ. Баъзи тахминларга кўра, келажакда кўплаб касблар йўқолади ва ўрнига янги касблар пайдо бўлади.

 

Альфа авлоди болалари, уларнинг ўзига хос фикрлаш тарзини ва танлов эркинлигини ҳурмат қилган ҳолда тарбиялаш, эски жамият қоидаларига мувофиқ бўлишга уринмаслик керак. Акс ҳолда, бу болалар ўз йўлини топишнинг ўрнига, бошқалар томонидан белгиланган қоидаларга бўйсунишга мажбур бўлиши мумкин.