Ўқувчилар ўрганган билимларини унутмасликлари учун нима қилиш керак?

Ўқувчилар ўрганган билимларини унутмасликлари учун нима қилиш керак?

Замонамиз ўқитувчиси нафақат билим берувчи, балки билимни онгда мустаҳкамловчи мураббий бўлиши зарур. Кўплаб ўқитувчилар учун таниш ҳолат — дарсда фаол қатнашган ўқувчилар, орадан бир ҳафта ўтиб, оддий саволга жавоб топа олмайди. Бу ҳодиса ўқитувчининг хатоси эмас, балки инсон мияси фаолиятининг табиий натижасидир. Уни психологияда «унутиш эгри чизиғи» деб аташади. Қуйида биз айнан шу муаммонинг сабаблари ва уни енгиб ўтишда ёрдам берувчи учта самарали усул ҳақида сўз юритамиз.

 

 

Унутиш Эгри Чизиғи Нима?
XIX  асрда немис психологи Hermann Ebbinghaus  томонидан олиб борилган тадқиқотлар инсон мияси жуда қисқа вақт ичида янги маълумотни унутишга мойиллигини исботлади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики:

 

 

Янги маълумотнинг 50 фоизи 1 соат ичида,

75 фоизи 1 кун ичида,

90 фоизи эса 1 ҳафта ичида унутилади.

 

 

Бу шуни англатадики, ўқувчилар билимсиз эмас — уларнинг мияси шунчаки ортиқча маълумотдан қутулишга ва фақат ҳаётий зарур билимларни сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Аммо агар ўрганилган билимлар такроран ёдга олинса, боғланиб ишлатилса ва шахсий тажриба билан бойитилса, у ҳолда миямиз бу маълумотни муҳим деб билиб, уни узоқ муддатга сақлаб қолади.

 

Янги билимни дарҳол мустаҳкамлаш учун ўқувчиларга ўзлари эслаб қолган маълумотни ёзиб кўрсатиш таклиф этилади. Бу усул «brain dump» — яъни «мияни бўшатиш» деб номланади. Ўқитувчи дарсдан сўнг «Дафтарларингизни ёпинг, ҳеч қандай эслатмасиз, бу дарсдан нимани эслаб қолдингиз, ёзинг», деб топшириқ беради. Ўқувчилар 2–4 дақиқа ичида эслаб қолган тушунча, мисол, асосий ғоя ёки боғловчи фикрларни ёзадилар.

 

 

Бу усул ўқувчиларда мустақил фикрлаш кўникмасини ошириб, ўрганганини ўз тили билан ифодалашни рағбатлантиради. Бундан ташқари, ўқитувчи ҳам ўқувчининг мавзуни қандай тушунганини билиб олади ва зарур бўлса, изоҳ беради ёки тўғрилайди.

 

 

Ўқувчиларнинг эслаб қолишини кучайтиришда яна бир муҳим омил — бу шахсий тажриба билан боғлашдир. «Living wall» ёки «тирик девор» усули айнан шу мақсадга хизмат қилади. Бунинг учун синфда ажратилган махсус жойга ўқувчилар қоғозларга қуйидаги саволларга жавобларини ёзиб ёпиштирадилар:

 

Бугун нимадан ҳайратландим?

Бу мавзуни ҳаётимда қаерда қўллай оламан?

Олдинги билимларим билан қандай боғланади?

 

Ўқитувчи ҳар жума куни ушбу девор билан ишлаш учун вақт ажратади: эски ёзувларни ўқиш, янги ёзувлар қўшиш, қўшимча ёзувлар ёзиш, гуруҳларга ажратиш ва бошқалар. Вақт ўтган сайин ўқувчилар ўзлари ёзганлари орасидаги боғлиқликларни топишга ўрганадилар. Бу эса уларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини мустаҳкамлайди.

 

 

Янги ўрганилган билимни дарҳол реал вазифага қўллаш энг кучли ўрганиш воситасидир. Дарсда янги тушунча ўргатилганидан сўнг, ўқитувчи ўқувчиларга шу билим асосида кичик вазифа беради: икки жумладан иборат ҳикоя ёзиш, карикатура чизиш, ёки ижтимоий тармоқда пост матнини ёзиш ва бошқалар.

 

 

Масалан, истеҳзо мавзусини ўрганган ўқувчи дарҳол икки жумлалик истеҳзоли ҳикоя ёзади. Ёки характеристика мавзусидан сўнг адабий қаҳрамон учун ижтимоий тармоқда пост матнини тайёрлайди.

 

 

Бу орқали билим хотиранинг қисқа муддатли сақлашидан чиқиб, узоқ муддатли хотирага ўтади. Ўқувчи нафақат эслаб қолади, балки бу билимни реал вазиятда ишлатишга ўрганади.

 

 

Агар ўқувчи бугун ўрганган нарсасини эртага унутса, бу унинг қобилиятсизлигидан эмас. Бу — билимни сақлаб қолиш механизмларини ишга солмаганлигимиздан далолат беради. Унутиш эгри чизиғини енгиш учун такрор эслаш, шахсий мулоҳаза билан уни реал вақтда қўллаш зарур.

 

“Brain dump”, “living wall” ва “immediate use”  методлари орқали ўқувчилар пассив билим олувчидан фаол билим эгасига айланадилар. Улар шунчаки имтиҳондан ўтмайди — балки ҳақиқий ҳаётдан керакли билимни ўрганиб, уни ўзлаштиради.