Давлат мактабида «пулли синф» очилди. Ҳолатга вазирлик муносабат билдирди

Давлат мактабида «пулли синф» очилди. Ҳолатга вазирлик муносабат билдирди

 

Хабарингиз бор, Тошкентдаги давлат мактабида «пулли синф» очилгани ва бу тизимга ота-оналар норози бўлаётгани ҳақида хабар берган эдик.

 

 

Ҳолат бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий муносабатини билдирди.

 

 

Унга кўра, буни ижтимоий тармоқларда «пулли синф» деб нотўғри талқин қилинаётгани, бу каби ҳолатлар аслида давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларга ўқув режа ва давлат таълим стандартларидан ташқари қўшимча билимлар бериш учун ташкил этиладиган таълим хизмати эканлиги таъкидланган.

 

 

Шу жумладан, ушбу мезон Ҳукуматнинг 2019 йил 22 апрелдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган тегишли Низомда алоҳида қайд этилган.

 

«Аввало шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида қатъий белгилаб қўйилганидек, «давлат бепул умумий ўрта таълим олишни кафолатлайди.» Шунга мувофиқ, мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларидаги барча дарслар тасдиқланган ўқув режага мувофиқ бепул амалга оширилишини маълум қиламиз.

 

Мактабларда ташкил этиладиган қўшимча таълим хизматлари мактабларнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида ихтиёрийлик асосида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади.

 

Пуллик таълим хизматларидан топилган буджетдан ташқари маблағларнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдори ўқитувчиларга ҳақ тўлашга, қолган қисми мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ва ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин.

 

Энг муҳими, мактабларда ташкил этиладиган пуллик таълим хизматларига директор ва педагоглар томонидан ўқувчиларни мажбурий тартибда жалб этилишига йўл қўйилмайди.

 

2025-2026-ўқув йилида 738 минг нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган ва уларнинг барчаси ўқув режадаги фанлардан бепул ўқитилиши кафолатланади.

 

Қўшимча таълим хизматлари, энг аввало ота-оналарнинг ташаббуси, яъни улар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида ўқув йили бошланганидан сўнг ихтиёрийлик асосида ташкил этилиши мумкин.

 

Шу ўринда барча мактаб директорларини ота-оналарни қўшимча пуллик таълим хизматларига мажбурий тартибда жалб этмаслик ҳақида қатъий огоҳлантирамиз. Давлат таълим стандартларидаги дарслар пул эвазига ўқитилишига йўл қўйилмайди.

 

Ҳурматли ота-оналар!

Бу борада белгиланган қонуний талаблар бузилганлик ҳолатига дуч келсангиз, вазирликнинг Ишонч телефони (71-202-09-09)га мурожаат этишингизни сўраймиз. Сизнинг мурожаатингиз тезкор ўрганиб чиқилиши таъминланади», — дейилади муносабатда.