Дунё миқёсида машҳур бўлган онлайн таълим платформаси Coursera ўзининг йиллик Global Skills Report 2025 ҳисоботини тақдим этди. Бу йилги ҳисоботда асосий янгилик сифатида AI Maturity Index— яъни, мамлакатларнинг сунъий интеллектни (AI) жорий этиш ва ривожлантиришга тайёргарлик даражасини баҳоловчи индекс киритилган.
Courseraнинг таъкидлашича, янги тузилган AI Maturity Index фақатгина платформадаги фойдаланувчилар фаолияти асосида баҳоланмаган. Талабалар сони ва уларнинг курслардаги ютуқлари умумий рейтингга атиги 16,7 фоиз (1/6 қисмини) ташкил этган. Қолган баҳолаш эса ташқи манбаларга таянган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан тайёрланган AI бўйича илмий нашрлар статистикаси ҳамда Халқаро Валюта Жамғармаси (IMF)нинг сунъий интеллектга тайёргарлик индекси асос қилиб олинган. Бу ҳолат мамлакатда сунъий интеллект кўникмаларининг нафақат машҳурлигини, балки уларнинг иқтисодиётдаги ўрнини ҳам кўрсатишга хизмат қилади.
Рейтингда 109 та мамлакат иштирок этган бўлиб, Сингапур энг юқори ўринни эгаллаган.
AI Maturity Index бўйича дунёдаги Топ 10 мамлакат:
Сингапур
Дания
Швейтсария
АҚШ
Финляндия
Люксембург
Нидерландия
Швеция
Норвегия
Австралия
Шунингдек, ҳисоботда сунъий интеллектдан ташқари бошқа кўникмалар бўйича мамлакатларнинг ривожланиш даражаси ҳам баҳоланган. Бироқ бу рейтингнинг методологияси ҳам ўзгартирилган. Энди Coursera фойдаланувчиларидан олинадиган маълумотлар фақат 25% баҳога тенг, қолган 75% эса қуйидаги ташқи кўрсаткичларга асосланади:
Глобал Инновация Индекси (GII)
Ишчи кучида иштирок даражаси
Инсон капитали индекси
Аҳоли жон бошига ЯИМ
Натижада, 2025 йилда кўникмалар рейтингида 1-ўринни яна Швейтсария эгаллаган. Бироқ топ-10 рўйхатида ўзгаришлар кузатилиб — ўтган йили юқори ўринда бўлган Япония ва Германия ўрнини бу йил Нидерландия ва Швеция эгаллаган.
Ҳисоботга кўра, 2025 йилда сунъий интеллект бўйича курсларга ёзилишлар сони 195% га ошган. Таққослаш учун: 2023 йилда бундай курсларга ҳар дақиқада бир киши ўтган бўлса, 2025 йилда эса ҳар дақиқада ўн икки киши рўйхатдан ўтмоқда. Бундан ташқари, танқидий фикрлаш кўникмаларига талаб 28%, киберхавфсизлик бўйича эса 11% га ошган.
Дунё мамлакатлари орасида Россия ушбу рейтингга киритилмаган. Сабаби, Россия фуқаролари Courseraдаги пуллик дастурларга ёзила олмайди, шунингдек, 2022 йилдан бошлаб Россиядаги ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган курслар платформадан олиб ташланган.
Шунга қарамай, Россияда сунъий интеллектга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Айниқса, компаниялар томонидан нейро тармоқлар билан ишлаш бўйича ўқув курсларига талаб 2,5 бараварга ошган. Ушбу курслар асосан ходимларни матн яратиш, ижтимоий тармоқларни юритиш, шунингдек, контекстли ва нишонли реклама кампанияларини бошқаришда сунъий интеллектдан самарали фойдаланишга ўргатади. Энг кўп курс харидлари Москва, Челябинск вилояти ва Санкт-Петербургда амалга оширилгани кузатилган.
