Аввалроқ, Мигрантларнинг фарзанди рус тили имтиҳонидан ўта олмаса мактабга қабул қилинмаслиги ҳақида қарор қабул қилинган эди. Янги қоидалар кучга кирганидан икки ой ўтиб, Россия мактабларига мигрант болаларини рус тилини билиш бўйича тестдан ўтмасдан қабул қилиш тақиқланганидан кейин фақат 4% ариза берувчилар мактабларга қабул қилинди. Бу ҳақида Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Унинг маълумотларига кўра, 22 май ҳолатига кўра, фақат 498 нафар ариза берувчилар тестга киришга рухсат олган — бу ариза берувчиларнинг 17% ни ташкил қилади (жами 2868 ариза берилган). Россияда таълим ва фан соҳасида назорат ва текширувларни олиб борувчи давлат органи Рособрнадзор май ойида рус тили бўйича тест топшириш учун 1,7 мингта ариза топширилганини хабар қилган, аммо 81% номзодларга ҳужжатлар тўғри тайёрланмаганлиги сабабли рад этилган. Шунингдек, агентлик анкеталарда ноаниқ маълумотлар мавжудлигини қайд этди.
Володин шунингдек, бу ҳафта «миграция сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган» яна бир қонун лойиҳасини кўриб чиқишни режалаштирганини маълум қилди. Қонун лойиҳасида, таълим муассасаларига қабул қилинмаган мигрант болаларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш ҳақида гап боради.
Ҳужжатга кўра, ҳудудий ва маҳаллий таълим бошқаруви органларини болалар ва уларнинг ота-оналарининг шахсий маълумотларини, тест натижаларини, таълим муассасаларига қабул ҳақидаги маълумотларни, шунингдек, мактабларга мурожаат қилган чет эл фуқароларига оид маълумотларни маҳаллий Ички ишлар вазирлиги органларига тақдим этишга мажбур қилиш режалаштирилган.
Ички ишлар вазирлиги ўз навбатида таълим бошқаруви бўлимларига мигрант болаларининг рўйхатга олинганлиги ёки миграцион ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги маълумотларни узатади. «Буларнинг барчаси боланинг ва унинг ота-онасининг Россияда қонуний яшаш ҳолати ҳақида тезкор маълумот алмашишга имкон беради, бу эса кейинги қарорлар қабул қилинишига таъсир кўрсатади», — деб ёзди Володин.
Мигрант болаларини мактабларга қабул қилишда рус тилини билишини тестдан ўтказиш мажбурий бўлган қонун 1 апрелдан кучга кирди. Ариза тасдиқланиши учун бола тест саволларининг 90% тўғри жавоб бериши керак
