Давлат ОТМ ларида қабул бошланишига 1 кун қолди

Давлат ОТМ ларида қабул бошланишига 1 кун қолди

 

Президентнинг 2024 йилги «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига кўра, 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилиши белгиланган.

 

 

Аввалроқ, абитуриентлар 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтиши ҳақида хабар берган эдик.

 

 

Ушбу қарорга мувофиқ қабул жараёнлари қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:

 

 

1-босқич: абитуриентлар 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади. Бунда абитуриентлар фақат тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган олийгоҳни танлайди.

 

 

Яъни биринчи босқичда университет ёки институт танланмайди. Абитуриентлар фақат қайси фандан, қайси тилда, қайси ҳудудда тест топширишини белгилайди холос. «Мен Юридик университетга топширдим, мен Тиббиёт академиясига топширдим» деган гаплар биринчи босқичда бўлмайди.

 

 

Имтиҳонлар июль–август ойларида ўтказилади.

 

 

2-босқич: абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди. Яъни ўзининг олган балига қараб, тестлар ўтиб бўлгандан кейин, қайси олийгоҳнинг қайси йўналишига топширишини танлайди. Ўйлаб олиш, таҳлил қилиш учун 15 кун вақт бўлади.

 

 

Ўқишга кира олмаганлар нима қилади?

 

Мабодо абитуриентлар олийгоҳларга кира олмаса, унда тестда тўплаган бали билан коллеж ва (ёки) техникумни танлаши мумкин. Ўқишга кира олмаганлар учун коллеж ёки техникум танлашга ОТМларга қабулнинг якуний натижаси (мандат) эълон қилинганидан сўнг яна 10 кун муддат берилади.