Қашқадарёда 2 ярим ёшли қизча ариққа тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди (видео)

Қашқадарёда 2 ярим ёшли қизча ариққа тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди (видео)

Жорий йилнинг 20 май куни Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги хусусий боғчада ҳали 3 ёшга тўлмаган қизалоқ ариққа тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди.

 

 

Боғча тарбиячисининг таъкидлашича, ўша пайтда болаларнинг ярми ухлаш учун ичкарига олиб кирилган, қолганлари эса ҳовлида қолган. Шунда қизча кўчага чиқиб кетиб, боғча яқинидаги ариққа тушиб ҳалок бўлган.

 

 

Марҳуманинг онаси фарзандини эрталаб боғчага топширганини, аммо тушга яқин қайниакасидан қизининг тоби йўқлиги ҳақида хабар олганини билдирган. У воқеа жойига етиб борганида, фарзандининг усти ёпиқ ҳолатда жонсиз танасини кўрган.

 

 

Аниқланишича, боғча очилган вақтда масъулларга ариққа хавфсизлик чораси кўрилмаганини билдирилган. Аммо раҳбарият бу масалага эътибор беришни ваъда қилганини айтган. Ҳодисадан сўнг, боғча уч кун ёпилиб, кейин яна фаолиятини бошлаган.

 

 

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълумотига кўра, ҳодиса юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган ва мактабгача таълим муассасаси ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида идоравий хизмат текшируви бошланган. Ҳозирда терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.