UBS вa Sejong университети ҳамкорлигида 4 миллион АҚШ долларлик Илмий-тадқиқот маркази иш бошлайди

UBS вa Sejong университети ҳамкорлигида 4 миллион АҚШ долларлик Илмий-тадқиқот маркази иш бошлайди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий таълим муассасаларида илмий фаолиятни янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

 

 

Мазкур топшириқлар ижроси доирасида «University of Business and Science» (UBS) ва Жанубий Кореянинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири — Sejong университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

 

 

Шу сабабдан, жорий йилнинг 22 май куни Sejong университетининг Наноструктурали материаллар илмий-тадқиқот маркази директори Проф. Ким Ки Бум ва Проф. Ҳонг Сунг Ҳwан UBSга ташриф буюрган.

 

 

Ташриф доирасида UBS Кузатув кенгаши раиси профессор Элёржон Жумаев ҳамда ректор профессор Каримжон Боймирзаев иштирокида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган музокаралар ўтказилган.

 

 

Музокаралар якунида UBS ва Sejong университети ўртасида умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган, замонавий технологиялар билан жиҳозланган Илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича расмий шартнома имзоланган.

 

 

Ушбу марказ орқали UBS профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва талабалари Сеул шаҳрида жойлашган Sejong университети ҳузуридаги лабораторияларда замонавий илмий изланишлар олиб бориш, инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда глобал илмий ҳамжамият билан интеграциялашиш имкониятига эга бўлишади.

 

 

Таъкидлаш жоизки, Sejong университети муҳандислик соҳаси бўйича таълим ва илмий тадқиқотларни ташкил этишда Жанубий Кореянинг энг етакчи олийгоҳларидан бири ҳисобланади.