Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи билан 2025-2026 ўқув йили учун таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхати тасдиқланди.
Рўйхатдан жами 470 та мактаб ўрин олган бўлиб, уларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз (бир маъмурий бирлик доирасида 50 фоиз) махсус устамалар белгиланади.
Ушбу мактабларга ишга кириш Ҳукуматнинг «Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга малакали ўқитувчи-педагогларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилади.
Низомнинг 13-бандига кўра, бошқа ҳудудлардаги таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш истагини билдирган ўқитувчи-педагоглар электрон платформага киритилган таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларнинг бирини танлаб, кўрсатилган вакант соатлар бўйича 15 майдан 25 июлга қадар умумтаълим мактаби директорига тўғридан-тўғри мурожаат қилади.
Ўқитувчи-педагоглар таълим даражаси юқори бўлмаган мактаб директорига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
– мутахассислиги, дарс берадиган фанини кўрсатган ҳолда директор номига ариза;
– доимий яшаш манзили (ҳудуд, туман/шаҳар номи), телефон рақами кўрсатилган маълумотнома — объективка;
– олий ёки биринчи малака тоифасига эга эканлигини тасдиқловчи сертификат нусхаси.
Низомнинг 16-бандига кўра, Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш истагини билдирган ўқитувчи-педагогларни саралаш бўйича Ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) тузилади.
Ишчи гуруҳ таркибига мактаб директори, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, кадрлар бўйича менежер (инспектор), психолог, мактаб касаба уюшмаси вакили киритилади.
Ишчи гуруҳ мурожаат этган ўқитувчи-педагоглар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади.
Белгиланган талабларга мос келган ҳамда вакант соатлар бўйича бир ўринга икки ва ундан ортиқ номзодлар бўлган тақдирда, улар касбий билим ва кўникмалар, педагогик маҳорат ҳамда психологик қобилият йўналишида Ишчи гуруҳ томонидан суҳбатдан ўтказилади.
Саралаш онлайн тарзда ҳам амалга оширилиши мумкин. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактаб ҳар йили 5 августга қадар Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш ва суҳбат натижаларига кўра сараланган ўқитувчи-педагоглар ҳақидаги маълумотларни электрон платформага киритади.
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда ишламоқчи бўлган ўқитувчи-педагоглар:
– тегишли фан йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлиши;
– дарс бераётган фани бўйича биринчи ёки олий малака тоифасига эга бўлиши;
– бошқа ҳудудда камида бир йил педагогик фаолият юритган бўлиши;
– амалда фаолият юритаётган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатида мавжуд бўлмаслиги талаб этилади.
