Ўқувчилар давоматини юритиш, таълимга жалб қилиш ишларини назорат қилиш ва умумий ўрта таълим мактабларида ҳуқуқбузарликлар ҳолати юзасидан тоифаларга ажратиш тўғрисида низом тасдиқланди.
Низомга кўра, умумий ўрта таълим мактабларида давоматни юритиш, ўқувчиларнинг дарс машғулотларига мунтазам қатнашишини назорат қилиш, мактабларни ҳуқуқбузарлик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, «қизил», «сариқ», «яшил» тоифага ажратилади.
«Яшил» тоифали мактаб – ҳисобот даврида мактаб ўқувчилари томонидан ҳеч қандай жиноят содир этилмаган бўлса.
«Сариқ» тоифали мактаб – ҳисобот даврида мактаб ўқувчилари томонидан биттадан кўп, лекин учтадан ортиқ бўлмаган жиноят содир этилган бўлса.
«Қизил» тоифали мактаб – ҳисобот даврида мактаб ўқувчилари томонидан учтадан ортиқ жиноят содир этилган бўлса.
Ўқувчиларнинг давомати синф миқёсида фан ўқитувчилари ва синф раҳбарлари томонидан «э-мактаб» платформа орқали ҳар кун белгиланиб борилади.
Умумий ўрта таълим мактабларда ўқувчилар давоматини юритиш, кунлик назорат қилиш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари сабабсиз дарсга келмаган ўқувчилар рўйхатини инспектор-психологларга ушбу Низомнинг 2-иловасида келтирилган билдиришномага асосан кунлик тақдим этади.
Директор, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, синф раҳбари, фан ўқитувчиси томонидан ўқувчиларнинг дарсда иштироклари тўғрисидаги маълумотларни ўз муддатида белгиламаслик ҳамда статистик ҳисоботларни ҳаққоний юритмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллашга сабаб бўлади.
Ноқонуний диний таълим олаётган, хорижга чиқиб кетган, дарсларга мунтазам қатнашмаётган ўқувчилар тўғрисида маълумотларни уч кун ичида инспектор-психолог ва туман-шаҳар Ички ишлар бўлинмаларига хабар беришга мактаб директорлари шахсан масъул эканлиги белгиланади.
