АҚШ да талабалик визасини олиш қийинлашмоқда

АҚШ да талабалик визасини олиш қийинлашмоқда

 

Жорий йилнинг 27 май куни АҚШ Давлат Департаменти хорижлик талабалар учун визалар бўйича учрашувларни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда  The Washington Post нашриёти хабар берди.

 

 

Маълум қилинишича, бу чора талабалар ва бошқа алмашинув дастури иштирокчиларининг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятларини кенгроқ текширишга тайёргарлик сифатида амалга оширилмоқда.

 

 

Мутахассислар бу қарорни Трамп маъмуриятининг антисемитизм тарқалишига йўл қўяётган университетларга қарши компаниясидаги хавотирли ривожланиш деб ҳисобламоқда.

 

 

Ички кўрсатмада айтилишича, ҳозирча янги талаба ва алмашинув визалари учун учрашувлар қўшилмайди ва бўш қолган учрашув вақтларини дарҳол бекор қилиш керак.

 

 

Бу маълумот Politico нашри томонидан биринчи марта эълон қилинган. Давлат Департаментининг юқори мансабдори The Post га бу хатнинг ростлигини тасдиқлаган.

 

АҚШ да талабалик визасини олиш қийинлашмоқда

 

Доналд Трамп маъмурияти яқинда Ҳарвард университетини хорижлик талабаларни қабул қилишдан тўхтатишга ҳаракат қилган ва федерал идораларга бу университет билан шартномаларни бекор қилишни буюрган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Фаластин тарафдори сиёсий фикрларни билдирган талабаларни ҳибсга олиш ва уларнинг ҳуқуқий мақомини бекор қилиш чоралари кўрилмоқда.

 

 

Давлат Департаменти кўрсатмасида айтилишича, ижтимоий тармоқларни текшириш жараёнларини кенгайтириш учун ҳозирги амалиётлар қайта кўриб чиқилмоқда ва тез орада янги кўрсатмалар чиқади.

 

 

Матбуот котиби Тэмми Брюс бу жараён ҳақида батафсил маълумот бермаган, аммо «биз мамлакатга келаётган ҳар бир кишини тўлиқ текшириш учун барча имкониятлардан фойдаланамиз» деб таъкидлаган.

 

АҚШ да талабалик визасини олиш қийинлашмоқда

 

АҚШда ҳар йили 1 миллиондан ортиқ халқаро талабалар ўқийди, улар иқтисодиётга катта ҳисса қўшади. Халқаро Таълим Мутахассислари Уюшмаси маълумотига кўра, 2023-2024 ўқув йилида халқаро талабалар АҚШга тахминан 44 миллиард доллар киритган.

 

 

Таҳлил маркази National Foundation for American Policy ижрочи директори Стюарт Андерсоннинг фикрича, агар Доналд Трамп маъмурияти талабалар визаларини беришни янада қийинлаштирса, АҚШга келаётган талабалар сони камаяди. Талабалар ўқиш ва келажакдаги иш имкониятлари ҳақида ишончли маълумот олишни хоҳлайди.

 

 

Унинг айтишича, консуллик ходимлари ижтимоий тармоқлардаги постлар асосида қарор қабул қилса, талабалар рад жавобининг сабабини билмай қолиши мумкин.