Наманганда «Сўнгги қўнғироқ»да шар портлаб, қизларнинг сочи ёниб кетди (видео)

Наманганда «Сўнгги қўнғироқ»да шар портлаб, қизларнинг сочи ёниб кетди (видео)

Ижтимоий тармоқларда мактабда ўтказилган байрам тадбири вақтида битирувчи ўқувчилар қўлларига кўтариб олган газ билан тўлдирилган шарлар портлагани, натижада, баъзи қизларнинг сочи ёнгани тасвирланган видео тарқалди.

 

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди. Қайд этилишича, мазкур ҳолат Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 48-умумтаълим мактабида содир бўлган.

 

Меҳнат кодексига кўра, ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани, ташкилотда ўрнатилган ички меҳнат тартиб қоидаларини қўпол равишда бузгани, ўзига юклатилган лавозим вазифаларини лозим даражада бажармагани ва бир қатор камчиликларга йўл қўйгани учун мактаби директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

 

Шунингдек, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ва синф раҳбарига нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилган.