АҚШда университет талабалари ўқитувчиларнинг дарс материалларини тайёрлашда ChatGPTдан фойдаланаётгани учун ўқиш пулини қайтаришларини талаб қилмоқда. Бу ҳақда The New York Times нашриёти хабар берди.
Жорий йилнинг февраль ойида Шимоли-шарқий университетнинг бизнес мактабида бир талаба дарс учун тақдим этилган материалларда сунъий интеллект томонидан яратилганлиги аниқ кўзга ташланадиган изларни пайқаган. Лидерлик моделлари ҳақидаги матнда профессорнинг чат-ботга «бу моделларни батафсилроқ тавсифлаб беринг» деган промпти қолдириб кетилган.
Презентацияда имло хатолари бўлган, ундаги суратларда эса айрим генератив нейротармоқларга хос бўлган хатоликлар — масалан, одамларнинг қўллари ортиқча тасвирланган.
Талаба университет раҳбариятига шикоят қилиб, ўша семестрда айнан шу профессор билан ўтган дарслар учун тўланган ўқиш ҳақининг бир қисмини (8 минг АҚШ долларидан ортиқ) қайтаришни талаб қилган. Бироқ мурожаат кўриб чиқилганига қарамай, пулни қайтариш рад этилган.
The New York Times билан суҳбатда профессор ChatGPT, Perplexity ҳамда Gamma номли презентация генераторидан фойдаланганини тасдиқлаган.
Унга кўра, дастлаб бу материаллар жуда яхши кўринган, бироқ улардаги кўплаб хатоликлар сабаб ўқитувчилар генератив сунъий интеллект воситаларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиши ва талабаларни ундан қандай ва қачон фойдаланилгани ҳақида огоҳлантириши кераклиги билдирилган.
Университет раҳбарияти эса март ойи охирида университет расмий СИ сиёсатини эълон қилган. Эндиликда ҳар бир ўқитувчи қайси нейротармоқдан қандай фойдаланилганини кўрсатиши, ишлаб чиқилган матнлар ва мультимедиа материалларининг «аниқлиги ва мақбуллигини» текшириши шартлиги таъкидланган.
Маълум бўлишича, бошқа АҚШ университетларида ҳам талабаларнинг сунъий интеллект ёрдамида яратилган дарс материалларидан норозилиги ортмоқда. Rate My Professors каби платформаларда бу борада кўплаб фикрлар қолдирилмоқда.
Талабаларни айниқса дарс материалларидаги хатоликлар ва уларнинг ишларини ҳам АИ воситасида текширилаётгани безовта қилмоқда. Ўқитувчилар эса уларни мутлақо ўқимаётганлиги билдирилган. 2024 йили ўтказилган сўровномада америкалик талабалар айнан шу икки жиҳат — СИ томонидан тайёрланган курсларнинг сифати ва CИ ёрдамида қўйилган баҳоларнинг адолатлилиги — бўйича энг катта хавотирлигини билдирган.
Тҳе Неw Йорк Тимес нашрига фикр билдирган айрим ўқитувчилар эса чат-ботлар уларнинг ҳаддан ташқари оғир юкламасини енгиллаштираётганини айтган. Тадқиқотларга кўра, АҚШдаги университет ўқитувчиларининг учдан бир қисми генератив сунъий интеллектдан фойдаланади.
Мутахассислар фикрича, АИ воситалари дарс жараёнида фойдали бўлиши ва ўқитувчиларга талабалар билан жонли мулоқотга кўпроқ вақт ажратиш имконини бериши мумкин. Бироқ, СИ томонидан яратилган ҳар қандай материал худди илгари тайёр методик материаллар сингари синчковлик билан текширилиши ва таҳрир қилиниши шарт эканлиги қайд этилган.
Аввалроқ Россиядаги олийгоҳларда ҳам сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ўрганишлар ўтказилиб, унинг қўлланилишига нима сабабчи ва нима тўсиқ бўлаётгани юзасидан хулосалар эълон қилинган эди.
