Кўкдала туманидаги 3 та мактабга узоқ масофадан қатнаб ишловчи ўқитувчиларга транспорт харажатларини қоплаб бериш йил бошида тўхтатиб қўйилган. Бунга ушбу мактаблар жойлашган маҳалла аввал Чироқчи тумани таркибида бўлгани ва УзАСБО тизимидаги техник масалалар сабаб бўлаётгани айтилди. Масъулларнинг эътиборсизлиги оқибатида педагогларнинг ярим йиллик устамаси куйиб кетиши мумкин.
Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги 3 та мактабнинг айрим педагоглари УзАСБО тизимидаги техник масалалар туфайли 5 ойдан бери тегишли устамаларни ололмаган.
Туманнинг Пахталисой маҳалласида жойлашган 47-, 48- ва 51-мактабларда бошқа туманлардан қатнаб ишлайдиган ўқитувчилар бор. Уларга январь ойидан бошлаб йўл-транспорт харажатлари учун устама бериш тўхтатиб қўйилган.
«Аёл бошимиз билан эрта тонгдан соат 5-6 ларда қишнинг қаттиқ совуғию, жазирама иссиқларда 3-4 та транспорт алмашиб, тахминан 150 км масофа йўл босиб, иш жойларимизга етиб борамиз ва яна шунча масофа йўл босиб уйга қайтамиз», – дейди ўқитувчилар мурожаатда.
Улар бир неча марта президентнинг виртуал қабулхонасига ва бир марта мактаб вазири Ҳилола Умаровага хат орқали мурожаат қилишган. Лекин натижа бўлмаган.
Устозларнинг айтишича, муаммонинг юзага келиши – аввал Чироқчи тумани таркибида бўлган «Пахталисой» МФЙ янги ташкил этилган Кўкдала тумани таркибига ўтказилгани билан боғлиқ.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Кун.узъга маълум қилишича, халқ депутатлари Чироқчи тумани кенгашининг 2021 йил 18 ноябрдаги қарорига асосан, Чироқчи туманидаги 32 та маҳалла фуқаролар йиғинлари, жумладан, «Пахталисой» МФЙ янги ташкил этилган Кўкдала тумани таркибига ўтказилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги қарори билан тасдиқланган олис ҳудудлар рўйхатида эса, «Пахталисой» МФЙ Чироқчи тумани таркибида кўрсатилганича қолмоқда. Ушбу ҳолатда, туман кенгашининг қарори билан, 2025 йил январигача устамалар тўлаб келинган.
«УзАСБО дастуридаги тегишли маълумотлар базалари билан интеграция қилингани орқали иш ҳақи тўловларида молиявий хато ва камчиликларнинг олдини олиш мақсадида, «Пахталисой» МФЙ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 471-сонли қарори билан тасдиқланган рўйхатга асосан Кўкдала тумани таркибига киритилмагани сабаб, ушбу МФЙга бошқа ҳудуддан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларга махсус устама тўловлари тўланиши автоматик равишда тўхтатилган», – дейилади расмий изоҳда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига кўра, ҳозирда тегишли ташкилот ва идоралар билан олис ҳудудлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда. Ҳукумат қарорига ўзгартириш киритилгандан кейин устама тўловлари тўланиши давом эттирилади.
Олий ҳудудлар рўйхатига тузатиш киритилганидан кейин, орада тўланмай қолган ойлар учун устамалар ҳам тўлаб бериладими? Кун.узънинг бу саволига вазирлик расмийси: «Афсуски, йўқ. Қонун ортга қайтиш кучига эга эмас», дея жавоб берган.
Унинг айтишича, устама тўлаш ҳукумат қарорига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қарор чиққан кундан бошлаб қайта бошланади.
Бу ўринда, педагоглар манфаатини ҳимоя қилиши керак бўлган вазирлик муаммо юзага келганидан бери ўтган вақт – 5 ой давомида тезкор ечимни таъминламаган.
Кўкдала тумани 2021 йил охирида ташкил этилганидан келиб чиқилса, аслида вазирликда 2025 йил январигача ҳукумат қарорини тузатиб қўйиш учун камида 3 йил вақт бўлгани ойдинлашади.
