186 та мактаб санитария қоидалари бузилганлиги учун вақтинча ёпилган — Санепидқўмита

186 та мактаб санитария қоидалари бузилганлиги учун вақтинча ёпилган — Санепидқўмита

22 май куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова иштирокида брифинг ўтказилди.

 

 

Брифингда таълим муассасаларида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши таҳлили бўйича маълумотлар берилди.

 

 

Маълум қилинишича, Санепидқўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2025 йилнинг 4 ойи давомида жами 3 295 та умумтаълим мактабларида режали текширшилар ўтказилган.

 

 

Текширшилар давомида кимёвий таҳлиллар учун жами 41 976 та намуналар олинган. Шулардан 1 988 таси талабга жавоб бермаган бўлса, бактериологик таҳлиллар учун 7 327 та намуналардан 527 таси санитария қоида ва меъёрлари талабларига жавоб бермаган.

 

 

Ўқувчилар овқатланишини тўғри ва хавфсиз ташкил этилганлиги устидан назоратни амалга ошириш чоғида микробиологик кўрсаткичларга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларидан 227 та намуна олинган, шундан 2 таси, ичимлик сувидан 2 872 та намунадан 126 таси талабга жавоб бермаганлиги аниқланган.

 

 

Умумтаълим мактабларида санитария қоида бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган масъул шахсларга нисбатан 2 157 та ҳолатда маъмурий чоралар, жарималар қўлланилган. 186 та муассасанинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган. 973 нафар ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмаганлиги сабабли ишдан вақтинчалик четлаштирилган.

 

 

Қарийб 18 470 килограмм миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари брокираш қилинган. (Яроқлилик муддати ўтган, сифатсиз ёки соғлиқ учун хавфли маҳсулотлар воситачилар (брокерлар) ёрдамида харидорларга, дўконларга ёки бошқа савдо тармоқларига тарқатилган.)

 

 

Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда юқумли касалликларнинг 35–40 фоизи оддий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида юзага келаётганлиги таъкидлаб ўтилганди.

 

 

Ҳар бир ижтимоий соҳа муассасаси тоза, озода бўлиши, унда одамлар учун қулай санитария-гигиена шароити яратилиши шартлиги қайд этилган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларида ичимлик суви ҳамда санитария-гигиена инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган «Тоза қўллар» дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

 

 

Ушбу дастур доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотлари санитария-гигиена воситалари билан етарли миқдорда таъминланади. Шунингдек, уларда ичимлик суви таъминоти ва санитария-гигиена объектлари инфратузилмасини яхшилаш чоралари кўрилади.

 

 

Улар бинонинг ички қисмига жойлаштирилади. Аҳоли, жумладан, болалар ўртасида шахсий гигиена одатларини шакллантириш ва унга риоя қилиш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилади.

 

 

Таълим ва тиббиёт ташкилотларидаги қўл ювиш жойлари санитария-гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланади. Шароити оғир бўлган 126 та мактабларда ҳожатхоналар бино ичида жойлаштирилиб, янгидан қурилади.

 

 

6 000 дан зиёд боғчага гелеёколлектор олиб берилади. 4 295 та ижтимоий муассасага сув баки, цистерна ўрнатилиши белгиланди.

 

 

Ушбу мақсадлар учун шу йилнинг ўзида давлат бюджетидан 780 млрд сўм маблағ ажратилади. Барча ҳудудлардаги таълим муассасаларидаги санитария-гигиена шохобчалари тўлиқ кўрикдан ўтказилади.

 

 

Баҳолаш натижасидан келиб чиқиб, қониқарсиз деб топилган санитария-гигиена шохобчаларини санитария талабларга тўлиқ мос ҳолатга келтириш чоралари кўрилади.

 

 

Ушбу дастурини ўз вақтида, тўлақонли амалга оширилиши учун мактабгача ва мактаб таълими ҳудудий бошқармалари, туман, шаҳар бўлимлари масъул этиб белгиланди.

 

 

«Бундан кўзланган мақсад – аҳоли ўртасида юқумли касалликлар, ичак инфекцияларининг олдини олиш, санитария маданияти даражасини ошириш, аҳолининг овқатланиши, дам олиши ва меҳнат қилиш шароитларини яхшилашдан иборатдир», дейилади брифингда.