Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мактабларни битирувчи йигит-қизларга табрик йўллади.
Маълумотларга кўра, жорий ўқув йили якунида республикадаги ўн мингдан зиёд мактабларнинг 9-синфини 632 946 нафар, 11-синфини 451 073 нафар йигит ва қизлар тугатмоқда. Аъло баҳоси ва намунали хулқи билан ўрнак кўрсатган 14 041 нафар 11-синф битирувчиси мактабнинг олтин ва кумуш медаллари билан тақдирланади.
Қадрли ўқувчи-ёшлар,
Азиз мактаб битирувчилари!
Бугун барчангизнинг қалбингизда ўзгача ҳис-туйғулар кечаётганини, катта ҳаёт остонасида туриб ўз келажагингиз учун турли режалар тузаётганингизни юракдан ҳис қилиб турибман.
Мактаб — оила каби ҳар бирингизнинг ҳаётингизда катта ўрин эгаллаган. Синфдошларингиз ўртасидаги меҳр-оқибат ва самимий дўстлик туйғулари келгусида ҳам бардавом бўлишига ишонаман.
Жорий ўқув йили якунида республикамиздаги ўн мингдан зиёд мактабларнинг 9-синфини 632 946 нафар, 11-синфини 451 073 нафар йигит ва қизлар тугатишмоқда. Аъло баҳоси ва намунали хулқи билан ўрнак кўрсатган 14 041 нафар 11-синф битирувчиси мактабнинг олтин ва кумуш медаллари билан тақдирланишади.
Албатта, бу ютуқлар сизларнинг ҳаётингизда дастлабки муваффақиятдир. Касбингиз ортидан эришадиган мукофотларингиз ва ҳаётдаги бошқа зафарларингиз ҳали олдинда. Бу йўлда барчангизга катта омадлар тилаб қоламан.
Бугун чалинадиган сўнгги қўнғироқ садолари бир умрга юрагингиздан жой олишига ишонаман. Унинг жарангдор садолари ҳамиша беғубор ёшлик ва ўқувчилик даврингизни ёдга солиб туриши шубҳасиз.
Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, давомли муваффақиятлар тилаб қоламан, азиз битирувчи ёшлар!
Ҳилола Умарова,
Мактабгача ва мактаб таълими вазири
