Ўзбекистонликлар таълимга кутилганидан кўпроқ пул сарфлаётгани маълум бўлди

Ўзбекистонликлар таълимга кутилганидан кўпроқ пул сарфлаётгани маълум бўлди

Марказий банк И чорак учун аҳолининг истеъмол кайфияти шарҳини тақдим қилди.

 

2025 йилнинг март ойида истеъмол кайфиятини ўрганиш бўйича ўтказилган сўровларда жами 2 900 нафарга яқин аҳоли қатнашган. Мазкур даврда аҳолининг истеъмол кайфиятида ижобий тенденциялар давом этган. Сўров натижаларига кўра, респондентлар асосан, келгусидаги шахсий молиявий ҳолатларига нисбатан ижобий муносабат билдириб, бунда даромадлар ўсишига оид кутилмалар яхшиланган.

 

Сўровномада қатнашганларнинг катта қисми расмий ойлик маошини асосий даромад манбаи сифатида кўрсатган. Томорқадан фойда кўрадиганлар ва бошқа соҳада даромад қиладиганлар кейинги ўринлардан жой олган.

 

Таҳлил натижаларига кўра, 2024 йил ИВ чоракда қуйи ва ўрта даромадли тоифадаги респондентлар (3 млн сўмгача, 3-5 млн сўм ва 5-7 млн сўм) келгуси чоракда харажатларининг ошишини кутмоқда. Шу билан бирга, юқори даромадлилар, яъни 10-15 млн сўм ва 15-20 млн сўмдан ортиқ даромадга эга респондентлар харажатларини амалга оширишда эҳтиёткорликни сақлаб қолмоқда.

 

Барча даромад гуруҳлари кутилмаларида харажатлар, асосан, уй-жой, таълим, автомобиль ва тўй маросимлари билан боғлиқ.

 

Жумладан, 18-30 ёшлилар асосан таълим, уй-жой таъмири, даволаниш ва бошқа харажатларни режалаштираётган бўлса, ўрта ёш вакиллари (31–40 ёш) кўпроқ даволаниш ҳамда уй-жойни таъмирлашга маблағ сарфламоқчи эканини билдирган.

 

Шунингдек, 41–50 ёшлилар ҳам ўхшаш йўналишларда: даволаниш, уй-жойни таъмирлаш ва бошқа эҳтиёжлар учун харажат қилишни режалаштирмоқда. Ушбу гуруҳда тўй ва автомобиль хариди йўналишидаги харажатлар ҳам юқори кўрсаткичда сақланиб қолган.

 

Катта ёшдагилар(50 ёшдан юқори)да даволаниш мутлақ устувор йўналишга айланган бўлиб, қолган барча харажат мақсадлари камроқ улушга эга.

 

Ўзбекистонликлар таълимга кутилганидан кўпроқ пул сарфлаётгани маълум бўлди

 

Келгуси чоракда ҳам аҳоли уй-жой таъмирлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларга сарфларини давом эттиришни режалаштирган. Бунда автомобиль хариди ва тўй маросимлари каби йирик харажатлар ҳам инобатга олинган.

 

Ўзбекистонликлар таълимга кутилганидан кўпроқ пул сарфлаётгани маълум бўлди

 

Сўров натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ушбу товар ва хизматларга бўлган талабнинг яқин истиқболда ҳам юқори даражада сақланиб қолишини кутиш мумкин.