Яккасарой тумани 319-мактаб ўқитувчиси январь ойида 1-синф боласини калтаклагани учун маъмурий жарима олиб, ўз аризаси билан ишдан кетганди.
Тошкент шаҳар ММТБ таъкидлашича, воқеа 2025 йил 15 январь куни Яккасарой туманидаги 319-мактабда содир бўлган. Бошланғич синф ўқитувчиси Х.М. 1-синф ўқувчисини синф хонасида калтаклаган, ушбу ҳолат бўйича боланинг онаси ўқитувчи Х.М. ни судга берган. Ўқитувчи Х.М. 2025 йил 16 январь куни ўз аризасига мувофиқ ишдан бўшаган.
Маълум бўлишича, у ҳозирда ишга тикланган, айрим ота-оналар эса суд қароридан норози.
«Ота-оналар эътирозига кўра, юқоридаги ҳолат бошқарма ишчи гуруҳи томонидан ўрганилаётганини билдирамиз», — дейилади хабарда.
Ҳолат бошқарма ишчи гуруҳи томонидан ўрганилаётганини маълум қилинган.
Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Лайло Файзимуродова «Gazeta.uz» мухбири билан суҳбатда зўравон педагог ва тарбиячиларнинг таълим тизимига ишга кириши тақиқланиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.
Унинг сўзларига кўра, таълим ва соғлиқни сақлаш ходимларини ҳам боланинг таълим-тарбиясига масъул шахс этиб белгилаш режалаштирилган. Улар бир йил ичида болага нисбатан такроран салбий хатти-ҳаракат қилса махсус реестрга киритилади ва бола фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларга ишга кириши тақиқланади.
Қонун лойиҳаси идоравий келишувдан ўтиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
