Биргина Наманган вилоятининг ўзида болаларга машина ижарага бериш бўйича 45 та ҳолат аниқланди

Биргина Наманган вилоятининг ўзида болаларга машина ижарага бериш бўйича 45 та ҳолат аниқланди

Наманган вилоятида вояга етмаганларга транспорт воситасини ижарага бериш бўйича бир суткада (16 май куни) 45 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда ЙҲХХ матбуот хизмати хабар берди.

 

Қайд этилишича, вилоятда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қўпол қоидабузарликларга қарши курашиш мақсадида махсус назорат тадбирлари олиб борилди. 24 соат ичида 2 мингдан ортиқ қўпол қоидабузарликлар аниқланиб, 756 та транспорт воситаси жарима майдонига қўйилди. 394 та ҳолатда тегишли ҳужжатсиз автомашина бошқариш, 45 та вояга етмаганларга транспорт воситасини ноқонуний ижарага бериш ҳолатлари аниқланди.

 

 

Шавкат Мирзиёев 15 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида вилоятларда, айниқса, Наманганда ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш авж олгани оқибатида, ҳар ойда 10-15 нафар ёшлар мажруҳ бўлиб қолаётганини, ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳам кўплигини айтганди.

 

 

Шу муносабат билан болаларга машина бошқаришни берганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

 

 

2024 йилнинг апрель ойида Наманганда 11-синф ўқувчиси Lacettiʼда икки талабани уриб йуборган. 2024 йилнинг ноябрида эса Наманган шаҳрида 9-синф ўқувчиси бошқарган Gentra автомобили иштирокида автоҳалокат содир бўлган. 2025 йил апрелида Наманган вилоятининг Давлатобод тумани ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган мактаб ўқувчиси Nexia-3 машинасини бошқариб бориб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва юк автомашинаси билан тўқнашган. Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида эса 10 синф ўқувчиси отасига тегишли Cobaltʼда 4-синф ўқувчисини уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлган.

 

 

Наманган вилояти ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиев автомобилларни ижарага берувчи Telegram гуруҳ ва каналларининг аксарият аъзолари мактаб ўқувчиларидан иборатлиги ҳақида маълумот берган эди.