2025/2026 ўқув йилидан Германияда 5-синф ўқувчиларига уйда ҳам ижтимоий тармоқлар тақиқланиши режалаштирилмоқда

2025/2026 ўқув йилидан Германияда 5-синф ўқувчиларига уйда ҳам ижтимоий тармоқлар тақиқланиши режалаштирилмоқда

 

Германиянинг Золинген шаҳрида 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб 5-синф ўқувчиларига TikTok, Instagram ва Снапчат каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланади. Бу қоида ҳам уйда, ҳам мактабда амал қилади. Бу ҳақда News4teachers хабар берган.

 

 

Бу Германияда илк бор амалга оширилаётган пилот лойиҳа бўлиб, унда мактаблар, ота-оналар ва психологлар бирлашиб, болаларнинг ижтимоий тармоқларга ортиқча қарамлигини камайтириш ниятида.

 

 

Лойиҳа ташаббускорларидан бири, Золинген шаҳри мактаб психологик хизматининг раҳбари Маркус Суррейнинг таъкидлашича, ушбу ташаббус болаларнинг ҳақиқий ҳаётга қайтиб, кўпроқ ўйин, суҳбат ва тинглашга вақт ажратишини таъминлашга хизмат қилади. Суррей, болаларнинг ўзлари ва ота-оналарининг телефон ва интернетга ҳаддан ташқари берилиб кетганини қайд этади.

 

 

Бу ташаббус нафақат мактаб ёки ота-оналар, балки махсус тузилган келишувлар асосида умумий жавобгарликни талаб қилади. Шаҳар бўйлаб барча мактаб ва ота-оналар келишувга имзо чекиб, болаларининг ижтимоий тармоқлардан узоқ туришини кафолатлайди.

2025/2026 ўқув йилидан Германияда 5-синф ўқувчиларига уйда ҳам ижтимоий тармоқлар тақиқланиши режалаштирилмоқда

«Бу Германия учун ноёб тажриба», — деб ёзади Rheinische Post (RP). Ғоя шундан иборатки, агар барча бешинчи синф ўқувчилари ижтимоий тармоқлардан воз кечсалар, уларга дўстлар орасида «мослашиш» ёки «тегишли бўлиш» учун босим бўлмайди.

 

Жавобгарлик фақат ота-оналар ёки мактабларга эмас, балки махсус тузилган таълимий келишувлар орқали умумий тартибда назорат қилинади. Бу келишувларни мактаблар ва ота-оналар биргаликда имзолайди ва улар орқали аниқ қоидалар белгилаб олинади.

 

«Бизни болаларнинг нафақат ўз хатти-ҳаракатлари, балки ота-оналари ҳақида айтган гаплари ҳам ларзага солди», — деб қўшимча қилган таҳририят.

 

Лойиҳа тарафдорлари орасида кўплаб ўқитувчилар ҳам бор. Уларнинг фикрича, сўнгги йилларда ўқувчиларнинг диққат маркази ва билим олиш қобилияти сезиларли даражада пасайган. Золинген гимназияси директори Александр Любек эса бу муаммони биргина мактаблар енгиб ўта олмаслигини тан олган.

 

 

Шаҳарда мобил телефонлардан фойдаланиш қоидалари аллақачон мавжуд бўлсада, уйдаги назорат етишмаётган эди. Бу лойиҳа айнан шу бўшлиқни тўлдиришга мўлжалланган.

2025/2026 ўқув йилидан Германияда 5-синф ўқувчиларига уйда ҳам ижтимоий тармоқлар тақиқланиши режалаштирилмоқда

Шу билан бирга, барча ота-оналар ҳам бу ташаббусга бирдек ижобий қарашмаяпти. Баъзилар болаларининг синфдошлари орасида «бегона» бўлиб қолишидан хавотирда. Лойиҳа ташаббускорлари эса, бундай умумий тақиқ туфайли ота-оналар энди «бошқаларга мумкин, бизга мумкин эмас» деган баҳоналарни эшитмаслигини таъкидламоқда.

 

 

Шунга қарамай, баъзи ўқувчилар ва экспертлар бу тақиқнинг натижаларига шубҳа билан қарашяпти — уларга кўра, ҳар доим қоида бузиладиган ҳолатлар бўлиши мумкин.

 

 

Золинген шаҳри эса бу борада тўхтаб қолишни режалаштирмаяпти: келгусида бошланғич ва юқори синф ўқувчиларини ҳам ушбу лойиҳа доирасига киритиш эҳтимоли мавжуд. Маркус Суррейнинг фикрича, «буни имкон қадар ёш болалардан бошлаш керак».

 

 

Мутахассислар бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда, уни фақатгина тақиқ билан чеклаб бўлмаслигини, болаларда ижтимоий тармоқлардан онгли ва хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантириш зарурлигини таъкидламоқда. Золинген тажрибаси бошқа шаҳарлар ва мамлакатлар учун ҳам муҳим намунага айланиши мумкин.