Таълим хизматларининг бир қисми хусусий секторга топширилиши мумкин

Таълим хизматларининг бир қисми хусусий секторга топширилиши мумкин

 

Ўзбекистонда таълим тизимининг бир қатор функциялари эндиликда хусусий сектор иштирокида амалга оширилади.

 

 

Савдо-саноат палатаси томонидан эълон қилинган ҳужжатга кўра, Мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим тизимида бажариб келинаётган айрим давлат хизматлари босқичма-босқич бозорга йўналтирилади.

 

Мактаб таълимида янги босқич

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан «Баркамол авлод» болалар мактабларида SТEАМ йўналишидаги тўгараклар мазмунини такомиллаштириш, замонавий ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ишлари эндиликда нодавлат субъектлар иштирокида амалга оширилади.

 

 

Шунингдек, журнал, газета, ўқув-методик мажмуалар ва дарсликлар нашр этиш, вазирлик веб-сайти фаолиятини юритиш ҳам бозор механизмларига ўтказилади.

 

Махсус эҳтиёжли болалар таълими ҳам хусусийлаштирилади

 

Ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун инклюзив таълим шароитларини яратиш, уларга соғломлаштирувчи таълим бериш хизматлари ҳам хусусий субъектлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

 

Олий таълимда рақамли трансформация кучаяди

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тасарруфидаги хизматлардан бири — ўқув адабиётларини тайёрлаш ва нашр қилиш, эндиликда нодавлат ташкилотлар томонидан бажарилади.

 

 

Шунингдек, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан чет тилини билиш даражаси бўйича малака имтиҳонларини компьютерлаштирилган шаклда ўтказиш хусусий сектор билан ҳамкорликда олиб борилади.

 

Инновацион ривожланиш агентлигида кенг ислоҳотлар

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги бир қатор стратегик вазифаларни хусусий шериклар билан бирга амалга оширади.

 

 

Жумладан:

 

– рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасидаги лойиҳаларни кенг жорий этиш,

 

– ахборот тизимлари ва телекоммуникация инфратузилмасини яратиш,

 

– киберхавфсизликни таъминлаш,

 

– давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш,

 

– очиқлик ва шаффофликни оширувчи ахборот ресурсларини яратиш,

 

– илмий ташкилотлар учун ахборот тизимларини ишлаб чиқиш.