Эндиликда барча педагогика олийгоҳлари фаолияти тубдан ўзгаради

Эндиликда барча педагогика олийгоҳлари фаолияти тубдан ўзгаради

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

 

 

Таъкидланишича, бундан буён барча педагогика олийгоҳлари фаолияти тубдан ўзгариши белгиланган. Президент Шавкат Мирзиёев буни Термиз педагогика институти мисолида тушунтириб берди.

 

 

Маълум қилинишича, бу олийгоҳга Янги Ўзбекистон университетидаги каби халқаро бошқарув тизими татбиқ этилади. «Топ» хорижий олийгоҳлар тажрибаси асосида факультетлар ўрнида аниқ, табиий, ижтимоий, филология, амалий фанлар, мактабгача ва бошланғич таълим бўйича 6 та олий мактаб ташкил қилинади.

 

 

Аниқ фанлар мактабида Мюнхен техника университети таълим дастурлари жорий этилади. Қолганлари эса Cambridge университети талаблари асосида тўлиқ қайта кўриб чиқилади.

 

Олийгоҳдаги фанлар сони ҳам мақбуллашиб, 20 тадан 15 тага, таълим йўналишлари 31 тадан 17 тага туширилади, ўқув юкламаси 20 фоизга қисқаради.

 

Термиз шаҳри ва туманидаги 47 та мактаб олийгоҳнинг амалиёт базасига айлантирилади. 3 та ихтисослашган ҳамда янги баҳолаш тизимига ўтган 12 та мактаб эса методик база бўлиб, олийгоҳ уларни замонавий лаборатория билан таъминлайди.

 

Шунингдек, олийгоҳни хорижий тил сертификати бор 20 нафар ўқитувчиси шу йил Буюк Британия, Германия ва Сингапур каби давлатларга малака оширишга юборилади.

 

 

Келгуси уч йилда институтнинг барча профессор-ўқитувчилари хорижий тил сертификатини олиб, чет элда ўқиб келиши кўзда тутилган. Бу тизим барча педагогика олийгоҳларида жорий этилиши белгиланган.