Эҳтиёжманд оила фарзандлари учун бепул курслар очилди

Эҳтиёжманд оила фарзандлари учун бепул курслар очилди

Хоразм вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун олий таълимга киришга тайёрлов мақсадида бепул курслар ташкил этилди. Урганч давлат университети ташаббуси билан Боғот, Гурлан ва Қўшкўпир туманларида ўтказилаётган дарсларда ҳозирда 171 нафар битирувчи синф ўқувчилари иштирок этмоқда.

 

 

Университетнинг малака оширган профессор-ўқитувчилари 11 та асосий фан йўналиши бўйича дарслар олиб бормоқда. Лойиҳа доирасида молиявий имконияти чекланган, лекин юқори интеллектуал салоҳиятга эга ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг олий ўқув юртларига киришига кўмаклашиш мақсад қилинган.

 

 

Бу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2024 йил 13 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар доирасида амалга оширилмоқда. Йиғилишда ёшларни тайёрлов курслари орқали умумтаълим фанлари бўйича билимларини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш топшириғи берилган эди.

 

 

Мазкур бепул курслар нафақат ижтимоий тенгликни таъминлаш, балки ҳудудларда таълим сифати ва кириш имтиҳонлари натижаларини яхшилашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.