Америкалик олий таълим битирувчиларининг ярмидан кўпи ўзлари учун муносиб иш топа олишларига шубҳа билан қарашмоқда. Бу ҳақда Handshake иш қидириш платформаси ўтказган тадқиқотда маълум қилинди.
Унда АҚШдаги 2800 нафардан ортиқ олий таълим муассасалари битирувчилари иштирок этган сўров натижалари таҳлил қилинган. Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 56 фоизи ўзининг муваффақиятли иш топишига ишонмаслигини билдирган, улардан 15 фоизи эса жуда пессимист кайфиятда эканликларини таъкидлашган.
Энг кўп хавотирда бўлганлар — компьютер фанлари бўйича ўқиётган талабалар. Бу йўналишдаги пессимистлар улуши бир йилда 18 фоиздан 28 фоизгача ошган.
Бунга бир нечта сабаблар кўрсатилмоқда:
– иш ўринлари сони камайган (бир йилда 15 фоизга),
– битта бўш ўрин учун аризалар сони кўпайган (30 фоизга),
– сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши натижасида ёш мутахассисларнинг ўрнини босиш хавфи кучаймоқда.
Мисол учун, 2023 йилда сунъий интеллект ривожланишидан хавотирланган битирувчилар 44 фоиз бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 62 фоизга етган.
Бундан ташқари, битирувчилар таълим даврида ижтимоий ва амалий кўникмаларни етарли даражада эгалламаганликларини ҳам тан олишмоқда. Уларнинг кўпчилиги иш юзасидан телефон орқали мулоқот қилиш ёки йиғилишларда иштирок этишга тайёр эмасликларини билдирган. Фақат 35 фоиз битирувчи ўзини учрашувларда фаол иштирок эта олишга тайёр, деб ҳисоблайди.
NVIDIA компанияси бош директори Женсен Хуанг ҳатто дастурлашни «эски кўникма» деб атаган, гарчи бу фикрга ҳаммаёқдан рози бўлинмасада.
Битирувчилар, шунингдек, олий таълимда зарурий ишчи кўникмаларни, жумладан ижтимоий кўникмаларни ололмаганликларини ҳам тан олишган. Масалан, кўпчилик иш юзасидан юзма-юз ёки электрон почта орқали мулоқот қилишга тайёр эмаслигини билдирган.
Фақатгина 35 фоиз битирувчилар йиғилишларда самарали иштирок этишга тўлиқ тайёр эканликларини айтган, 44 фоизи эса раҳбарларга фикр билдириш бўйича кўрсатмалар кераклигини тан олган.
Бугунги кунда АҚШ компаниялари учун тажриба ва амалий кўникмалар дипломдан устун аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Кўплаб иш берувчилар олий маълумот талабини бекор қилиб, номзоднинг амалий ютуқларига урғу бермоқда. Калифорнияда эса махсус «карьера паспортлари» жорий қилиниши режалаштирилган — бу ҳужжатлар номзоднинг ўқиш ва ишдаги натижаларини бирлаштиради.
Ушбу тенденция Ўзбекистонда ҳам долзарб: ёш мутахассисларнинг фақат диплом билан эмас, балки аниқ кўникмалар ва стажировка тажрибаси билан бозорга чиқиши зарур. Иш берувчилар ҳам айнан амалий тажриба ва мулоқот маданиятига эга бўлган номзодларни танлашга интилмоқда.
Шу жумладан, Буюк Британиянинг Манчестер графлигида 10 минг нафардан ортиқ ўқувчи ва талабаларни «юмшоқ кўникмалар»га ўргатиш учун бепул дастур йўлга қўйилган. Бу зарурат иш берувчиларнинг ўзлари томонидан илгари сурилган — улар рақамли авлод вакиллари телефон орқали мулоқот қилиш ёки иш суҳбати ўтказишдан чўчишларини таъкидлашган.
