Хабарингиз бор, Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олаётган ҳиндистонлик биринчи курс талабаси олийгоҳнинг таълим тизими, ундаги камчиликлар, ўқитувчиларнинг инглиз тилини яхши билмаслигидан норози эканлигини билдирган эди.
Шундан сўнг, Олий таълим вазири Қўнғиротбой Шарипов Тошкент тиббиёт академиясига бориб, ҳиндистонлик талабалар билан учрашди.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, Шарипов Тошкент тиббиёт академиясидаги ўқув жараёнлари ва талабалар учун яратилган шароитлар билан танишган. Шундан кейин хорижлик, хусусан ҳиндистонлик талабалар билан мулоқот қилган.
«Суҳбат давомида талабалар университетда яратилган замонавий шарт-шароитлардан мамнун эканликларини, таълим сифати, профессор-ўқитувчилар билан мулоқот ва яшаш имкониятлари борасида ижобий фикрларни билдирдилар», – дейилади расмий хабарда.
Учрашув якунида вазир университет раҳбариятига хорижлик талабалар учун қулайликларни янада кўпайтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида тегишли топшириқлар берган.


