Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 11-сонли давлат боғчасида болаларга камида икки кун давомида гўштсиз овқат берилгани ҳақида Kun.uz га мурожаат келиб тушган.
Мурожаатга илова қилинган видеода, 2025 йил 5 май куни боғча ошхонасида тайёрланган овқат таркибида гўшт йўқлиги таъкидланган. Видео муаллифи қозонни кўрсатиб: «Қозонда 1 грамм гўшт йўқ. Жума, 2 май куни ҳам гўштсиз овқат қилинган», – дея баён қилган.
У болалар овқатланаётган хонани ҳам тасвирга олиб, уларнинг косаларида гўшт мавжуд эмаслигини билдирган. Мурожаатчи суҳбатлашган аёл (эҳтимол, тарбиячи) ҳам 2 ва 5 май кунлари болаларга гўштсиз овқат берилганини тасдиқлаган. Аёл боғчада 194 нафар тарбияланувчи борлигини таъкидлаган.
Шунингдек, мурожаатчи боғчага таркиб жиҳатдан сигир сутидан олинмаган сариёғ олиб келинганини ҳам даъво қилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолат ўрганилаётганини, қўшимча ахборот берилишини билдирган. Мазкур ҳолат бўйича болалар омбудсмани ҳам текширув олиб бормоқда.
Маълумот учун, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 17 июлдаги 0016-21-сонли буйруғига кўра, 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган болалар кунига гўштнинг турига қараб 60/45 граммдан 80/60 граммгача, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлганлар эса 80/60 граммдан 90/65 граммгача мол, қўй, парранда ёки қуён гўшти истеъмол қилиши белгиланган.
