«Бу ерга алифбо эмас, анатомияни ўрганишга келганман» – Тошкент тиббиёт академияси хорижлик талабалари нимадан норози?

«Бу ерга алифбо эмас, анатомияни ўрганишга келганман» – Тошкент тиббиёт академияси хорижлик талабалари нимадан норози?

Яқинда Миллий статистика қўмитаси 2024-2025-ўқув йили бошида республикадаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг умумий сони 12,5 минг нафарни ташкил этгани ҳақида маълумот берган эди. Статистикага кўра, Ўзбекистонда таҳсил олаётган ҳар икки хорижлик талабанинг биттаси ҳиндистонлик ҳисобланади.

 

 

Реддит ижтимоий тармоғида Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олаётган ҳиндистонлик биринчи курс талабасининг олийгоҳ ҳақида ёзган пости муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. У асосан таълим тизими, ундаги камчиликлар, ўқитувчиларнинг инглиз тилини яхши билмаслигидан норози эканлигини билдирган. Қуйида талабанинг фикрларини тўлиқ ҳолатда келтирамиз:

 

 

Тошкент Тиббиёт Академияси – шунчаки даҳшат. Бу ерга келманг (ҳиндистонлик 1-курс талабаси тажрибаси ва шикояти)

Мен Ҳиндистонданман, 2025 йил февралида Тошкент Тиббиёт Академиясига (ТТА) 1-курсга ўқишга қабул қилиндим. Тўғриси, бу жойда ўқиш яхши бўлади деб ўйлагандим — арзон контракт, чет элда МББС, яхши муҳит ва ҳоказолар. Лекин фикрларим бутунлай нотўғри бўлиб чиқди. Бу ерда таълим сифати, айниқса, биз хорижий талабалар учун жуда паст даражада.

Биринчидан, ўқитувчилар деярли инглиз тилида гаплашишмайди. Ҳазиллашмаяпман — гўёки Google Транслатеъдан матн ўқиётгандек, ғалати оҳангда гапиришади. Биз қандай қилиб тиббиёт ўрганамиз, агар ўқитувчини тушунмасак? Улар бизни 4 СОАТ инглиз тили дарсларига тиқиб қўйишади — ака, мен бу ерга алифбо ва грамматика ўрганишга эмас, анатомияни ўрганишга келганман! Анатомиядан 1 соат 20 дақиқа дарс бўлади, лекин у ҳам кулгили. Улар ҳеч нима ўқитмайди. Ўқитувчи келади, дарсликни кўрсатади, ва «мана мавзу, ўрганинглар», деб чиқиб кетади. Баъзида: «кейинги дарс онлайн бўлади» дейишади, лекин албатта — ҳеч қандай онлайн дарс бўлмайди. Биз асосан ўзимиз мустақил ўқимоқдамиз, улар эса ойлик олишади ва керак бўлмаганда бизни менсимай қўйишади.

Кейин декан бор. Бу одам тўлиқ телба. Доим соқолимиз ҳақида гапираверади, «вазирлик қоидалари» деб. Лекин, ака, тинчланинг — соқолим имтиҳонлардан йиқитмаяптику! У деканнинг ўзи ҳам бефойда — муаммоларни ҳал қилмайди. Талабалар ётоқхонаси эса қулаб тушяпти. Айниқса ҳинд талабалар учун. Ётоқхонадаги ҳожатхоналар ойда бир марта тозаланади — омадимиз келса. Ҳамма жойда моғор, сув оқиб кетган, қувурлар синиб ётибди. Ҳар ҳафтада кимдир қизамиқ (кор) билан касалланади. Уларнинг «ақлли» ечими — бизни навбатга қўйиб, ихтиёрий вакцина қилишади, худди ҳайвон бозорга олиб келингандек. Бу ерда гигиена деган нарса йўқ.

Дарслар шу даражада ёмонки, қаердан бошлашни билмайман. Ўқитувчилар дарсга келишса ҳам, фақат слайдлардан ўқиб беришади ёки «ўзинглар ўрганинглар» дейишади. Қандай қилиб яхши шифокор бўламиз, агар ҳеч нарса ўргатишмаса? Имтиҳонлар эса тўлиқ спектакль. Уларга керакли 50 та саволли ПДФ файл беришади, ёдлаб оламиз, кейин компьютерда тест топширамиз. Саволлар деярли тўлиқ ПДФъдан. Ёдла, топшир ва ўт. Фақат ёд олиш, бошқа ҳеч нарса. Билим йўқ, тушуниш йўқ. Осон дейишингиз мумкин, лекин маъно йўқ. Мен бу ерга фақат ёдлаб олиш учун келмаганман — ҳақиқий тиббиёт ўрганиш учун келганман. Бу жой эса ярим саводли «шифокорлар»ни ишлаб чиқарадиган заводга ўхшайди. Бу «шоу»ни Ҳиндистон Тиббиёт Кенгаши қандай қилиб тан олган? Кимдир бу жойни текшириши керак.

 

«Бу ерга алифбо эмас, анатомияни ўрганишга келганман» – Тошкент тиббиёт академияси хорижлик талабалари нимадан норози?