Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида Ал-Хоразмий университети ташкил этилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида Ал-Хоразмий университети ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ал-Хоразмий университетини ташкил этиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Унга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида муҳандислик ва ИТ соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган давлат олий таълим муассасаси шаклидаги Ал-Хоразмий университети ташкил этилади.

 

Университет фаолиятини стратегик ривожлантириш мактабгача ва мактаб таълими вазири раислигида Кузатув кенгаш томонидан амалга оширилади. Бунда Кузатув кенгаши таркиби мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

 

Университетда таълим жараёни 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб ташкил этилади, талабаларни ўқитиш давлат ва инглиз тилларида, кредит-модуль тизими асосида олиб борилади. Таълим жараёни Янги Ўзбекистон университети тажрибаси асосида Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой Халқ Республикаси, Буюк Британия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилади;

 

В.И.Романовский номидаги Математика институтининг Урганч филиали фаолияти Университет биносида йўлга қўйилади ҳамда ҳар бир илмий ходимга талаба бириктириш амалиёти жорий қилинади.

 

Университетда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Университет ҳузурида Саноат кенгаши ва салоҳиятли талабалар учун Саноат ҳамкори стипендияси ташкил этилади.

 

Шунингдек, мазкур қарор билан:

 

– Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Урганч филиали ташкил этилади ва бу ерда ўқув жараёни 7 йиллик дастур асосида СТEМ модели бўйича олиб борилади;

 

– ўқувчилар танлови умумий ўрта таълим ташкилотларининг математика ва информатика фанлари бўйича қобилияти бор 4-синф битирувчилари орасидан амалга оширилади;

 

– ихтисослаштирилган мактабнинг муҳандислик таълим дастурлари Ал-Хоразмий университети бакалавриат таълим дастурлари билан ўзаро интеграция қилинади;

 

– муҳандислик таълим дастурларини лозим даражада ўзлаштирган битирувчиларга ўз ўқишини Ал-Хоразмий университетининг тегишли бакалавриат таълим йўналишида 2-босқичдан давом эттириш имкони яратилади.