Ўзбекистонда илк бор Миллий баҳолаш тадқиқоти бўлиб ўтди

Ўзбекистонда илк бор Миллий баҳолаш тадқиқоти бўлиб ўтди

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ҳамда Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан Жаҳон банки кўмагида Ўзбекистонда илк бор Миллий баҳолаш тадқиқоти йўлга қўйилди.

 

 

Мазкур тадқиқот Ўзбекистонда таълимнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, ўқув дастурлари ва давлат таълим стандартларининг амалий натижадорлигини баҳолаш, шунингдек, далилларга асосланган таълим сиёсатини ишлаб чиқишга хизмат қилади.

 

 

У 4- ва 9-синф ўқувчилари иштирокида 42 та мактабда пилот лойиҳа сифатида амалга оширилмоқда. Ушбу мактаблар республика бўйлаб репрезентатив танлов асосида аниқланган бўлиб, ҳар бир ҳудуддан 3 тадан мактаб қамраб олинган.

 

 

Танланган синфлардаги ўқувчилар математика ва она тили фанлари бўйича тестлар, шунингдек, таълим муҳити, қизиқишлар ва бошқа омилларга оид сўровномаларни тўлдириш орқали тадқиқотда иштирок этмоқда.

 

Ўзбекистонда илк бор Миллий баҳолаш тадқиқоти бўлиб ўтди

 

Баҳолаш топшириқлари дастлаб 22 апрель куни Тошкент вилоятининг икки умумтаълим мактабида муваффақиятли тажриба-синовдан ўтказилди. Жараённи самарали ташкил этиш мақсадида 26 ва 28-апрель кунлари тест администраторлари ва мактаб координаторлари учун онлайн тренинглар ўтказилди.

 

 

Миллий баҳолаш тадқиқоти доирасида тест ва сўровномалар онлайн шаклда ўтказилмоқда. Синов жараёни қатъий тартибда ташкил этилиб, тест мазмунининг махфийлиги, ўқувчиларнинг мустақиллиги ва натижаларнинг шаффофлиги тўлиқ таъминланмоқда. Умумий ҳисобда тахминан 2500 нафар ўқувчи (1250 нафар 4-синф ва 1250 нафар 9-синф) тадқиқотда иштирок этиши режалаштирилган.

 

 

Миллий баҳолаш тадқиқотининг натижалари таълим тизимидаги ютуқлар ва муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, таълим сифатини ошириш, фанлар кесимида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш, ҳамда Ўзбекистон учун мос, самарали ва барқарор баҳолаш тизимини яратишда муҳим асос бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.